Айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан болалар-ўсмирлар футболи ва ҳудудлардаги футбол академиялари фаолиятини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шу мақсадда айни кунларда «Барселона» академиясида 11 йилдан бери мураббийлик қилиб келаётган ва ўзига хос футбол методологиясини ишлаб чиққан Давид Санчес пойтахтимизда бўлиб турибди.
«ЖФЛ-Ташкент Фоотбалл Счоол» футбол мактаби билан яхши алоқаларга эга бўлган испаниялик мутахассис академия мураббийларига маҳорат дарсларини ўтиб бермоқда. Ҳамкорлик доирасида ЖФЛ-футбол мактаби тарбияланувчиларининг Испанияда ташкил этиладиган футбол академиялари ўртасидаги нуфузли мусобақада иштирок этиши режалаштирилган. Испанияда ташкил этиладиган йиғинларда «Барселона» ёшлар жамоалари билан назорат ўйинлари ўтказиш ҳам режа қилинмоқда.
Тажрибали мутахассис ЎФА Мажлислар залида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган футбол мактаблари мураббийларига семинар машғулотларини ўтиб берди. Ўқув-машғулоти мураббийлар билан очиқ савол-жавоб шаклида ўтказилди.
Семинар давомида Давид Санчес ёш футбол мураббийларига ўзининг фойдали тавсияларини бериб ўтди ва уларга ўзи ишлаб чиққан футбол методологиясини презентация шаклида намойиш этди.
Тадбир якунида МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов испаниялик мутахассисга миннатдорчилик билдириб, мунтазам ҳамкорликка ва амалий машғулотлар ўтказишга таклиф этди.