Ўтган мавсумда «ПСЖ»нинг мағрурлиги ва амбициясига жиддий зарба берилди. Сайёрамизнинг энг қиммат икки ўйинчиси билан парижликлар чемпионликни оддий «Лилль» га бой бериб қўйишди. Шунга қарамай, «қизил-кўклар» Франция кубоги ва суперкубогида зафар қучишди. Чемпионлар Лигасида эса Маурицио Почеттино шогирдлари финалга бир қадам қолганида мусобақадан чиқиб кетишди. Агарда, «ПСЖ» мазкур мусобақада ғолиб бўлишганда, жамоанинг кайфиятига яхши таъсир кўрсатиши мумкин эмас.
Клуб раҳбарияти муаммони таниқли усул - пул билан ҳал қилишга қарор қилди. «ПСЖ» таркибга юлдуз футболчиларни жалб қилишга фаол тарзда киришиб кетди ва шуни ҳам таъкидлаш керакки, парижликлар таркиби тобора кучайиб бормоқда. Франциянинг вице-чемпионлари яқин келажакда Европа майдонида катта ютуқларга эришишлари шарт, акс ҳолда улар ҳеч қачон «пул сумкаси» префиксидан халос бўлмайди. Келинг, парижликлар кимлар билан аллақачон шартнома имзолаган ва яқин кунларда ўз таркибига қўшиб олии мумкин бўлган футболчилар ҳақида батафсил кўриб чиқамиз.
«ПСЖ» ким билан шартнома имзолаган?
Жоржиньо Вейналдум
Ярим ҳимоячи Жоржиньо Вейналдум «ПСЖ»нинг мавсумдаги биринчи янги ўйинчисига айланди. Голландиялик футболчи «Ливерпуль»ни тарк этиб, парижликлар сафига текинга ўтди. Аммо, футболчи «кўк-қизиллар»га арзонга тушди деб айтиш мумкин эмас. Ярим ҳимоячи Франция пойтахтида йилига 10 миллион евро маош олади. «ПСЖ» «Барселона» ҳам жиддий тарзда қизиқиш билдирган футболчи учун каталонияликларга қараганда 2 баробар кўпроқ пул таклиф қилди. Вейналдум охир-оқибат парижликларни танлади. Футболчи бу қарорини «ПСЖ»нинг таклифи аниқроқ эканлиги билан изоҳлади. Томонлар 3 йилга шартнома имзолашди. Шундай қилиб, нидерландиялик футболчи Париж клуби футболчсига айланди.
Ашраф Ҳакими
Ашраф Ҳакими «ПСЖ»нинг ёзда харид қилган иккинчи футболчиси ҳисобланади. ОАВ азалдан Марокаш терма жамоаси аъзосини парижликлар билан боғлаб келган, аммо қандайдир сабабларга кўра, «Интер» ўзининг энг яхши ўйинчиларидан бирини сотишига ишониш қийинроқ эди. Бироқ, «нерадзуррилар» буни уддалай олишмади. Клубнинг бош директори Жузеппе Маротта Хакимининг сотилишини мажбурий деб атади. Милан клуби футболчи учун 60 миллион евро олган. Ушбу сумма Милан клубига молиявий муаммоларни ҳал қилишда катта ёрдам бергани ҳақида айтилмоқда. Ўз навбатида «ПСЖ» Европанинг энг яхши қанот ҳимоячиларидан бири билан шартнома имзолашни уддалади.
Серхио Рамос
Серхио Рамос - «ПСЖ»нинг яна бир янги ўйинчиси. Европанинг энг яхши ҳимоячиларидан бири бўлган испан футболчиси ҳам янги мавсумни парижликлар сафида бошлайди. Шунингдек, Серхионинг «кўк-қизиллар» сафига эркин агент мақомида қўшилиши ҳам «ПСЖ» учун айи муддоа бўлди. Парижликлар испанияликка «Реал» таклиф қила олмайдиган нарсани, яъни 2 йиллик шартнома таклиф қилишди. Қолаверса, футболчининг маоши, аввалги клубдагидан юқори бўлиши ҳам мумкин. Афтидан, Преснель Кимпембе «ПСЖ»даги асосий марказий ҳимоячи мақомини йўқотади. Рамос ротацион футболчи бўлиш учун Парижга келмаган. Катта эҳтимол билан Серхио жамоа сардори бўлган Маркиньос билан биргаликда асосий марказий ҳимоячи жуфтлигини ҳосил қилади.
Жанлуижи Доннарумма
Парижликлар юқорида айтиб ўтилган учта юлдуз футболчи билан чекланиб қолмасликка қарор қилишди. «Милан»нинг собиқ дарвозабони, ҳозирги кунда эркин агент ҳисобланган Жанлуижи Доннарумма ҳам катта эҳтимол билан «ПСЖ»нинг навбатдаги футболчисига айланади. Инсайдерларнинг маълумотларига кўра, италиялик Евро-2020 мусобақаси пайтида янги клубининг тиббий кўригидан ўтган ва унинг трансфери мусобақа тугагандан сўнг расман эълон қилинади. Июнь ойида томонлар 5 йиллик шартнома имзолашга келишиб олишди, унга кўра футболчи бонуслардан ташқари йилига 10 миллион евро маош олади. Бу «Милан» таклиф қилган суммадан 3 миллион евро кўп. Италияда Доннаруммани унчалик қадрлашмади. Парижда италиялик киперга жудда қийин бўлади, чунки бу ерда унинг асосий рақиби Кейлор Навас бўлади.
«ПСЖ» яна ким билан шартнома имзолаши мумкин?
Криштиану Роналду
ОАВ Роналдуни «Ювентус»нинг Чемпионлар Лигасидан кетганидан сўнг, дарҳол «ПСЖ» билан боғлай бошлади. Португалияликнинг келажаги ҳалигача ноаниқлигича қолмоқда. Футболчининг «кекса синьора» билан шартномаси тугашига яна 1 йил бор, аммо у яқин орада Турин клубини тарк этиши мумкин. Миш-мишларга кўра, жамоа бош мураббийи Массимилиано Аллегри Роналду билан ишлашни истамаяпти. Криштиануда фаолиятини давом эттириш учун бир нечта вариантлар мавжуд, улардан бири — «ПСЖ». Португалиялик олдин Францияда ўйнамаган ва парижликлар билан Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш учун яхши имкониятга эга бўлади. Аммо бу ҳолатда кўп нарса Килиан Мбаппенинг келажаги тўғрисидаги якуний қарор қабул қилинишга боғлиқ бўлади.
Антуан Гризманн
Сўнгги пайтларда Гризманн оммавий ахборот воситаларида тез-тез тилга олинмоқда, айниқса, «Барселона» уни сотиб юбормоқчи эканлиги ҳақида. Каталония клубига ўтгандан сўнг, француз футболчиси катта босимни бошдан кечирди ва ушбу ҳолат шу пайтгача сусаймаган. Испан клуби Антуанни сотишига бир қанча сабаблар бор. Биринчидан, Гризманнинг жамоага узоқ ва қийин мослашиш жараёни. Иккинчидан эса «Барселона» раҳбарияти Лионель Месси билан янги шартнома учун пул йиғиш. «ПСЖ» Гризманни Клиан Мбаппени тарк этса, унинг ўрнига ўринбосар сифатида кўриб чиқмоқда. Эҳтимол, уйга қайтиш француз учун яхши имконият бўлиши мумкин. Мамлакатидаги энг яхши клублардан бирида ўйнаб, ўзини олдингидан кўпроқ эркин ҳис қилиши мумкин бўлади.
Робин Госенс
Ўтган мавсум ўрталаридан бошлаб топ-клублар Госенсга жиддий қизиқиш билдира бошладилар. Футболчи «Аталанта»да жуда яхши ўйин намойиш этмоқда. Чап қанот ҳимоячиси сифатида у кетма-кет А Сериянинг икки мавсумида 17 та гол + голли пас берди. Немис футболчиси нафақат гол уришда, балки узатма беришда ҳам анча фаол. «ПСЖ» Госенс хизматларига қизиқиш билдириши ажабланарли эмас. Ҳакими билан биргаликда улар дахшат ҳимоя жуфтлигига айланиб, парижликларнинг ҳужум салоҳиятини ўта юқори даражага кўтариши мумкин. Футболчига «Ювентус» ва «Барселона» клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда, аммо парижликлар футболчи учун курашда устунликка эга. Сабаби - пул. Айни пайтда туринликлар ҳам, каталонияликлар ҳам бу борада муаммоларга дуч келмоқдалар ва бергамокликлар футболчи учун унчалик кам бўлмаган - 40 миллион еврони талаб қилмоқда.
Поль Погба
Погбанинг «Манчестер Юнайтед»даги келажаги бир неча йилдан буён ноаниқ. Шу билан бирга, француз инглиз клубида ҳалигача фаолиятини давом эттирмоқда. Бир пайтлар футболчи Туринга яна қайтиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо «Ювентус»нинг собиқ спорт директори Фабио Паратичи «кекса синьора» ярим ҳимоячини қайтариш ҳақида ҳеч қачон жиддий ўйламаганлиги ҳақида гапирди. Айни пайтда, ОАВ хабарларига кўра, «ПСЖ» Погба вакиллари билан музокаралар олиб бормоқда. «Манкунианликлар» футболчининг шартномаси якунланишига атиги 1 йил қолганига қарамай, футболчини қўйиб юборишга шошилмаяпти. Полга «ПСЖ» варианти қизиқ туюлмоқда, аммо парижликларга нега бешинчи марказий ярим ҳимоячи кераклиги умуман аниқ эмас. Шуҳратпарастлик ва юлдузларнинг номлари яхши, аммо Носир Ал-Хелафи ўзининг «галактикос»ини қидиришда эҳтиёт бўлиши керак. Катта пул ҳам жамоага ёрдам бериши, ҳам зарар етказиши мумкин.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.