Европа чемпионати майдондаги ўта қизиқ воқеалар билан футболдаги бошқа турнирлардан ажралиб туриши билан бирга иштирокчилар ишлаб топадиган маблағлар билан ҳам кескин фарқланади. Аввалбошдан Евро-2020 соврин жамғармаси 371 миллион евро этиб белгиланганди. Пандемия боис режалар ўзгариб, рақам – 331 миллион еврога тушди.
Демак:
ТУРНИРНИНГ ФИНАЛ БОСЧИГА ЧИҚҚАН ҲАР БИР ТЕРМА ЖАМОА (24 ТА) 9,25 МЛН. ЕВРО ИШЛАБ ОЛГАНДИ.
ГУРУҲ БОСҚИЧИДАГИ ҲАР БИР ҒАЛАБА 1 МЛН. ЕВРО, ҲАР БИР ДУРАНГ ЭСА 0,5 МЛН. ЕВРО КЕЛТИРАРДИ НАТИЖА СОҲИБИГА.
ПЛЕЙ-ОФФГА ЙЎЛЛАНМА – 1,5 МЛН.
ЧОРАКФИНАЛ – 2,5 МЛН.
ЯРИМФИНАЛ – 4 МЛН.
ФИНАЛЧИ – 5 МЛН.
ҒОЛИБ ЭСА – 8 МЛН.
Италия терма жамоаси “мукаммал ғазна” соҳибига айланди. Яъни барча ўйинда ғалаба ва якунда жами – 28,5 млн. евро соврин пуллари. Агар пандемия бўлмаганида бу рақам – 34 млн. бўларди. Солиштириш учун 2018 йилда ўтказилган мундиал ғолиби Франция турнирда 34,5 млн евро ишлаб топган. Энди Копа Америка-2021 турниридаги бундай рақамларга қаралса солиштириб бўлмайдиган кўриниш намоён бўлади. У ерда умумий соврин жамғармаси Биргина Италиянинг ишлаб топган маблағидан кўра камроқ - 22 млн. евро!
УЕФА соврин пулларини федерацияларга ўтказади. Кейин миллий федерациялар тақсимотни ички тартиб ва истак асосида амалга оширишади.
Ташкилотнинг ўз даромадига келсак, албатта аниқ сонларни айтиш имконсиз, бироқ "Forbes" нашрига кўра, УЕФА Евро-2020дан 2,5 млрд. евро фойда билан чиқади. 1992 йил билан таққосланса рақамлар 50 баравар ошганини кўриш мумкин. Табиийки бу кўрсаткичдан ташкилий ҳаражат қисми айириб ташланади. Лекин шунда ҳам соф фойда 1 млрд. евро атрофида бўлиши кутилмоқда.