Куни кеча Лондоннинг «Челси» клуби мавсумолди ўйинларидан бирини ўтказди.
Унда Томас Тухел шогирдлари Чемпионшип вакили бўлган «Петерборо Юнайтед» клубини йирик, 6-1 ҳисобида мағлуб этиб, ўзининг ғалабали юришини бошлаб берди. Ушбу баҳс май ойи сўнгида ўтказилган Чемпионлар лигаси финалида «Манчестер Сити»дан устидан қозонилган ғалабадан кейинги илк учрашув бўлди. Бу «аристократлар» учун анча паст даражадаги учрашув бўлишига қарамай, айрим футболчилар учун Тухелга ўзини кўрсатишга яхши имконият эди.
Ўйинда Ҳаким Зиеш хет-трик қайд этди. Шунингдек, Абрахам, Пулишич ва Армандо Броханинг голлари йирик ғалабани таъминлади. Бу шубҳасиз бош мураббийга маъқул келди. Клуб эгаси Абрамович эса тарикибдаги ўзгаришларни ижобий баҳолаган ҳолда янада кучли ўйинчиларни жалб қилмоқчи.
У яқинда «Форбес» журналига берган итервюсида шундай дейди: «Ҳозирги мақсадларимиз 17 йил олдинги клубни сотиб олган вақтдагига қараганда анча юксак. Майдонда ва майдон ташқарисида нима қилган бўлсак, ҳаммаси мухлислар ва клуб равнақи учун эди. Ўйлайманки, эришилган совринларнинг ўзи бизнинг йиллар давомидаги меҳнатимиз маҳсули қай даражада эканлигини кўрсатиб беради. Менинг олий мақсадим эса бундан буёғига ҳам совринлар ютишда давом этиш ва келажакка шонли тарих билан етиб бориш».
«Челси» эгаси ўша Порту шаҳридаги финалда стадиондан кузатган эди. Томас Тухел билан ҳам дастлаб кубокни кўтаришда учрашди. Бу ҳақда ғалабадан кейин Тухел фикр билдириб ўтди: «Клуб раҳбари билан илк марта ана шундай ажойиб лаҳзада учрашганимдан хурсанд бўлдим. Энди ортга йўл йўқ. Тез орада у билан кейинги режаларимизни муҳокама қиламиз. Мен буни кутаман ва Романни ўз потенциалимизга ишонтира оламан деб ўйлайман. Чунки навбатдаги титулга ҳаракат бошлашимиз лозим. Шунингдек, буни мамнуният билан таъкидлайман: ғояларимга, футболдаги фалсафага, шуҳратга эришишда рақиблардан қўрқмас клубнинг бир қисми эканимдан фахрланаман. Ҳозир кучли жамоанинг кучли вакилиман ва бундан бахтлиман!»
Ҳозирда Абрамович ва Тухел орасидаги муносабатлар жуда яхши. Клуб эгаси германияликка истаган футболчисини олиб беришга тайёр эканини билдирган. Холанд трансфери катта эҳтимол билан ижобий якунланмаслиги сабабли унинг ўрнига Левандовскини олиб келиш бўйича ҳаракатлар бошланган. 32 ёшли полякни клуби 2 йиллик шартномаси бор ва немис гранди яхши таклиф учун уни қўйиб юборишга қарши эмас. Абрамович эса «Бавария»га ҳужумчи учун 50 миллион евро таклиф этиши мумкин. Хуллас, Тухел янги мавсумга Англия чемпионлигига даъвогар бўла оладиган жамоа билан қайтиш ниятида. Абрамович эса бунга етарли даражада сармоя киритишга ваъда берган.
Жалолиддин Исматов тайёрлади