Туриннинг “Ювентус” клубига Массимилиано Аллегри қайтгани жамоа ичидаги муҳитни буткул ўзгартириб юбриши аниқ. Сўнгги йиллар ичида Жаҳон футболида юз берган истеъфолар ичида энг ғалатиси шубҳасиз – Аллегрининг кетиши бўлганди. Туринликлар билан 5 маротаба “А” Серия чемпиони бўлган, икки маротаба ЧЛ финалига етиб борган мутахассис орада ҳеч бир клубда ишламади. Энди эса у қайтгач кун тартибида Криштиану Роналду билан муносабатлар мавзуси яна биринчи ўринга кўтарилмоқда. Зотан Италия матбуотининг ёзишича, 2019 йил Аллегри клубдан кетар экан президент Аньеллига – “Роналдудан воз кечмасанг у клубга ўсиш имконини бермайди” – деб айтган.
Таъкидланишича, Роналду катта ўйинларда кўринмай қолмоқда. “Кальяри”, “Удинезе” ва “Кротоне” каби клубларга қарши голларни “тахлаб” ташлаётган бўлса, “Милан” ёки “Интер”га қарши у керагидек кўринмаяпти, дейишмоқда айрим кузатувчилар.
Албатта юқоридаги воқеа миш-миш ёки журналистларнинг фантазияси бўлиши мумкин, орада (2020 йил қишида) Аллегри Роналду манзили томон бир қатор илиқ фикрларни ҳам йўллаб бўлди. Шунингдек, шу йил июнь ойида иккиси алоҳида учрашиб олгани ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бироқ оммага нималар ҳақида гап боргани ҳақида ҳеч қандай хабар сизиб чиққани йўқ.
Роналдунинг клуб билан шартномаси 2022 йил ёзида ниҳоясига етади. Кўринишидан жамоа олдида унинг имкониятларидан максимум фойдаланишдан бошқа чора қолмаяпти. Боиси бозорда “КриРо” учун муносиб ҳақ тўлаши мумкин бўлган бошқа жамоа кўринмаяпти. МЮ ва “Реал” вариантлари ўйиндан чиқиб улгурди. ПСЖ варианти бор, аммо парижликлар Икарди билан алмашиш орқали Роналдуга ега бўлишмоқчи. Бу Юве учун ҳам, Роналду учун ҳам қониқарли йўл эмас. Демак, бизни Роналду ва Аллегри ҳамкорлигидаги энг камида яна битта мавсум кутмоқда.
Ҳозирда яқинлари билан таътилда бўлган Роналду душанба куни клуб ихтиёрига қайтиши ва “Берлускони кубоги” доирасида 31 июль куни бўлиб ўтадиган “Монца”га қарши ўйинда майдонга тушиши кутилмоқда.
Ориф Толипов