“Металлург” Навоийнинг “Қизилқум” жамоаси билан шу кунгача Ўзбекистон чемпионатларида 42 бор куч синашган. Мазкур ўйинларнинг 14 таси “Металлург” ғалаба қозонган. 11 та учрашувда кучлар тенг келган. 17 та ўйинда эса “Қизилқум” жамоасининг қўли баланд келган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи 57:53, воҳаликлар фойдасига. “Металлург”нинг бу рақиби устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси 4:1 (2006, 2019) ни ташкил этади. “Қизилқум” эса битта учрашувда бекободликлар дарвозасига жавобсиз бешта тўп (0:5, 2006) йўллаган.
Ушбу жамоаларнинг Бекободда бўлиб ўтган 21 та учрашувидан 11 тасида майдон эгалари ғалаба қозонишган бўлишса, 5 та учрашувда жамоалар дурангга имзо чекишган. 5 та ўйинда меҳмонлар зафар қучишган. Бу учрашувларда “Металлург” рақиблари дарвозасига 38 та гол киритиб, ўз дарвозасидан 23 та тўп ўтказиб юборган.
Қуйида Бекободда бўлиб ўтган сўнгги олти учрашув натижаси билан танишинг:
12.08.2020 Металлург – Қизилқум 1:2
12.08.2019 Металлург – Қизилқум 4:1
12.08.2018 Металлург – Қизилқум 2:1
19.06.2017 Металлург – Қизилқум 3:1
14.10.2016 Металлург – Қизилқум 1:0
27.06.2015 Металлург – Қизилқум 4:2
“Қизилқум” ҳақида
Навоийнинг Қизилқум жамоасига 1967 йилда асос солинган. Даставвал жамоа Зарафшон шаҳрида “Прогресс” номи билан ташкил этилганди. Мамлакат мустақиллигига қадар жамоа вилоят, республика биринчилиги ҳамда собиқ Иттифоқ чемпионати иккинчи лигасида ўйнаган. 1992 йилда Ўзбекистон биринчилигида қатнашиб келган жамоа 1999 йили қуйи лигада 3-ўринни эгаллади ва олий лигага йўлланмани қўлга киритди. 1994 йилдан “Қизилқум” номи билан юритиб келинаётган жамоа олий лигадаги учинчи мавсумида энг юқори натижасини қайд этди, яъни бронза медалига сазовор бўлди.
Бугунгача навоийликлар кучлилар сафида 620 та учрашув ўтказиб, шулардан 220 тасида ғалаба қозонган, 136 ўйинда дурангга эришган, 264 ўйинда эса имкониятни бой берган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар фарқи – 755:891.
“Қизилқум” жамоасининг олий лигадаги энг йирик ғалабаси – 7:0 (2003 йил, “Гулистон”), энг йирик мағлубияти – 0:11 (2007 йил, “Пахтакор”) ташкил этади.