«Ювентус» бош мураббийи Антонио Конте «Болонья»га қарши учрашувнинг қолдирилиши ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, унинг жамоаси ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонга чиқишга тайёр эканлигини қайд этиб ўтди. Бу ҳақда «La Gazzetta Dello Sport» хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Италия «А» Серияси 23-тур учрашувлари доирасида 12 февраль, якшанба куни Болоньяда ўтказилиши керак бўлган баҳс, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бошқа муддатга қолдирилди. Худди шу сабабнинг турнинг бошқа бир учрашуви — «Парма» – «Фиорентина» ўйини номаълум муддатга қолдирилган.
Қайд этиш жоиз, чемпионат давомида «Ювентус»нинг ўйини иккинчи марта айнан ноқулай об-ҳаво шароити сабаб қолдирилмоқда. Бунгача 21-тур доирасидаги «Парма» – «Ювентус» ўйини ҳам қолдирилганди.
«Биз «Болонья»га қарши учрашувга яхши тайёргарлик кўрган эдик, майдонга чиқишга ҳам тайёр эдик. Нима ҳам қила олардик, энди дастурни ўзгартиришга тўғри келади», деди Конте.
«Нима бўлган тақдирда ҳам ишқибозларнинг манфаати биринчи ўринда туради. Бундай иқлим шароитида сифатли футбол кўрсатиш имконияти жуда ҳам кам», дея қўшимча қилди «Ювентус» бош мураббийи Антонио Конте.
«Ювентус» айни вақтда 21 учрашувдан сўнг 45 очко йиққани ҳолда «А» Серияда пешқадамлик қилмоқда. Жамоанинг энг таъқибчиси ҳисобланган «Милан» ҳисобида 44 очко бор, аммо россонерилар битта ўйин кўп ўтказишган ва 11 февраль куни «Удинезе»га қарши ўйинда муваффақият қозона олиша, пешқадамликни қўлга олишлари ҳам мумкин.