Токио олимпиадасида енгил атлетиканинг еттикураш турида иштирок этаётган Екатерина Воронина олтинчи йўналиш — найза улоқтириш машқини бажарди.
Ҳамюртимизнинг 3та уринишдан энг яхши натижаси 49,88 метрга тенг бўлди. Маълумот ўрнида: Воронинанинг ушбу йўналишдаги шахсий рекорди ва жорий мавсумдаги энг яхши натижаси 53 метрдан узоқроқни ташкил қилаётган эди. Аммо олимпиада ўзининг энг яхши натижаларига унчалик яқин кела олмади.
Шунга қарамай, Екатерина найза улоқтиришдаги машқи учун 858 балл тўплади ҳамда умумий очколарини 5329 баллга етказди. Бу орқали у бирданига 7 поғона кўтарилиб, спортчилар орасида 12-поғонага чиқиб олди.
Қайд этиш жоиз, мусобақа давомида пешқадамлар сарасида кетаётган нидерландиялик Надин Брорсен, британиялик Катерин Жонсон-Топсон, Буркина-Фасо вакиласи Марте Коала турли дастурларда иштирокни якунлай олмасдан медаллар учун курашни эрта тарк этишди.
Еттикурашчилар кечки дастурда сўнгги йўналиш — 800 метрга югуриш бўйича мусобақада иштирок этишади ва шундай сўнг совриндорлар номи аниқ бўлади.
Ҳозирча бельгиялик Нафиссату Тиам 5912 балл билан пешқадам бўлиб турибди. Нидерландиялик Аноук Веттер (5848) ва АҚШлик Кендел Уильямс (5642) кучли учликка киришган.