Александр Гейнрих БААнинг "Эмирейтс" жамоасига қўшилганидан кейин, ўзининг илк интервьюсини берди.
— Мен "Сувон" бош мураббийи билан тил топиша олмадим. Шунинг учун Кореядан кетишга қарор қилдим, — дейди Гейнрих. Хабарингиз бор, Саша Осиё кубогининг 3-ўрин учун баҳсида Ж.Корея дарвозасига 2та гол урганидан кейин, "Пахтакор" уни "Сувон"га ижарага берганди. Александр эса Кореядаги дебют ўйинидаёқ гол уришга муваффақ бўлганди.
Футболчимиз Кореяда тил муаммосига дуч келгани ҳам бор гап. У бундай муаммога ёшлик пайтида Германияга борганида ҳам дуч келганди. "Мен ёшлигимда Германияга боргандим, аммо у ер менга ёқмаганди", дейди келиб чиқиши немис бўлган футболчи. "Бу менинг услубим эмас. Шунинг учун Ўзбекистонга қайтдим. Менга техникага асосланган футбол ёқади".
Гейнрих Амирликда ҳам тил муаммосига дуч келади. Аммо унинг бахтига Жасур Ҳасанов "Эмирейтс"га келиб қўшилди. Жамоа мавсумнинг биринчи ярмида муваффақиятсизликка учраганидан кейин раҳбарият 3 нафар легионерларни алмаштиришга қарор қилди. Натижада клубга Модибо Диарра, Александр Гейнрих ва Жасур Ҳасанов қабул қилинди. Шунингдек, БАА чемпионатида ўзбекистонлик Азизбек Ҳайдаров ҳам бор. Демак, Гейнрих у билан ҳам суҳбатлашиб туриши мумкин.
"Ҳасановнинг ёнимда бўлиши мен учун яхши. У ҳам терма жамоа аъзоси. Шунинг учун Жасур менинг бу ердаги ишимни осонлаштиради. Ҳасанов ҳам бу клубда ўйнаётгани учун ўзимни ёлғиз ҳис қилмайман. Кўп суҳбатда бўламиз, бирга овқатланамиз", дейди Гейнрих.
Гейнрих "Эмирейст" сафида "Ал-Аҳли"га қарши ўйинда ўз дебютини ўтказди. "Жамоадошларим билан суҳбатда тил муаммоси бор. Ўзимни бироз ноқулай ҳис қилаётган бўлишим мумкин, аммо бу ерга келганимга ҳали кўп бўлмаганини айтиб ўтишим жоиз. Шунга қарамай, мен ўзим ҳақимда гапиришим, ўз фикримни тушунтиришим мумкин. Энг асосийси эса, мен футбол тилини тушунаман. Қолганлари муҳим эмас", дейди у.
Александр шу пайтгача Москванинг ЦСКА ва "Торпедо", Кореянинг "Сувон" жамоаларида ўйнаган. "Эмирейтс"га эса у "Пахтакор"дан 5 ойга ижарага берилди. "Менга ҳар бир жамоада тўп суриш ёққан. Профессионал футболчига айланиш давомида ҳар бир клубдан нимадир ўрганганман", дейди Александр.
Ўзбекистонлик футболчи "Эмирейтс"га ёрдам бериб, мавсум якунида жамоасининг юқорига кўтарилиши учун ёрдам бериш ниятида. "Эмирейтс" сўнгги 3 турда 7 очкони қўлга киритиб, "Шаржа" ва "Дубай" клубларини 1 ва 3 очкога ортга қолдирган ҳолда, 10-ўринга кўтарилиб олди.
Сўнгги қайд этилаётган натижалар жамоага ишонч бағишламоқда. Бугун "Эмирейтс" Про-лига доирасида "Шаржа" клуби (бу жамоа сафида Темур Кападзе тўп суради) билан куч синашади. "Шубҳасиз, бу ўйин ҳар иккала жамоа учун ўта муҳим ҳисобланади", дейди "Эмирейтс" бош мураббийи Лутфи Бензарти.