Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Амалдорларнинг футболга таъсири, ғўр футболчилар ва факт билан гапирмайдиган журналистлар. Абрамов Москвада интервью берди

Баҳо:
+ | -

Айни вақтда Россия пойтахти Москвада бўлиб турган собиқ Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов "Озодлик Радиоси"га интервью берди. Мазкур интервью давомида Вадим Карленович журналист томонидан берилган бир қатор қизиқарли ва қалтис саволларга жавоб берди.

— 2019 йилда Ўзбекистон терма жамоасини қабул қилиб олар экансиз, нимага умид қилдингиз? Ахир, дунё таниган хорижлик мураббийдан оғир мерос қолган ва сиз тажрибали мураббий ўлароқ ҳалокат юз беришини олдиндан билишингиз керак эди-ку.

— Гап ҳалокатда эмас. Шубҳасиз, жамоани қабул қилиб олганимда кейинги босқичга чиқишимизга ишонган эдим. Чиққан бўлар эдик ҳам, аммо кейин ўзингизга маълум коронавирус тарқалди. Бундай бўлади деб ким ҳам ўйлабди дейсиз, иккинчидан бу ҳолат чўзилиб кетганидан сўнг, дунёда ҳамма нарса ўзгариб кетди. Маълум бўлдики, Шимолий Корея терма жамоаси келмас экан. Бунинг афтидан бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Лекин шундай вазият юзага келди, ФИФА билан ОФК натижаларга кўра 6 очко олиб ташланишини ҳақида қарор қабул қилди. Бизда 9 очко бор эди ва мен Сингапур ва Яманни ютиб очколаримиз 15 тага етишига ишонар эдим. Шундай бўлди ҳам, аммо 6 очкойимиз куйиб кетади деб ҳеч ҳам ўйламаган эдим. Ливан эса 10 очкоси бўла туриб, гуруҳдан чиқди. Шимолий Корея уларнинг гуруҳида бўлгани ҳисобига биздан юқори бўлди. Бунақасига биринчи маротаба гувоҳ бўлишим. Тасаввур қилинг, биз Сингапурни 5-0 ҳисобида мағлуб этиб, энг яхши иккинчи ўринлар орасида иккинчи бўлдик. Кейин Яман устидан ғалаба қозондик ва тўртинчи ўринга тушиб кетдик. Шунақаси ҳам бўладими, ахир.

— Қаранг, Вадим Корленович бир хил хатолар. Аввалига Бабаян Ўзбекистонни Россияда ўтган Жаҳон Чемпионатига олиб чиқа олмади. Кейин Купер билан ҳам шундай бўлди. Нима гап ўзи? Бугунги ўзбек футболида қандай муаммолар бор?

— Мен бизда бўлаётган муаммоларни на Куперга ва на Бабаянга тўнкамоқчи эмасман. Келинг, узоққа бормайлик, ана Россия Жаҳон ва Европа Чемпионатлари саралашидан ўтяпти. Муайян жамоанинг айни дамдаги рақибларига қараб фикр юритиш керак. Саралаш шундай нарсаки, унда омад кулиб боқиши рейтингга боғлиқ. Рейтингда баланд ўринда турганларга кучсизроқ жамоалар тушади. Шундай бўлсада, ўйлайманки, асосий кўрсаткич ўйиннинг ўзида. Агар, яхши ўйин кўрсатсангиз, мағлуб бўлган пайтингизда ҳам мухлислар кечиришади ва тамоман бошқача муносабатда бўлишади. Менимча, терма жамоам ўйини ёмон эмас эди. Яна билмадим менга шундай туюлди. Баҳони бошқалар беришади.

— Сиз терма жамоага келганингизда, у терма жамоада 89-ўринда турган эди. Кетганингиздан сўнг 3 поғона кўтарилиб, 86-ўринга кўтарилди. Нима деб ўйлайсиз, бу арзигулик натижами?

— Агар, сиз расмий ўйинларга қарасангиз, биз атиги 2 та учрашувда мағлуб бўлдик. Иккисида ҳам Саудия Арабистонига. Қолаверса, тахминан 10 та назорат учрашуви ўтказган бўлсак, уларда коронавирус сабабли, ҳали ўз жамоасида қойиллатиб ўйнамайдиган ёш, ғўр футболчиларни пишитиш билан шуғулландик. Аслида, бу ҳақда гапириш кулгили. Келажакни ўйлаб, мендан кейин келадиган мураббийни ўйлаб, бу ишни қилдим. Муаммомиз ҳам айнан шунда . Аслида, бу ишни клублар қилиши лозим. Бор гап шу.

— Мана сиз тажрибасиз, ғўр ёшларни келажакни ўйлаб, таваккал қилгансиз. Аммо кўпчилик бунда ғаразли ниятларни кўради. Хусусан, сизни бундан моддий манфаатдор бўлган деб ҳисоблашади.

— Тушунарли. Мен 2010 йили терма жамоада келганимда, муайян одамлар гуруҳи ва журналистлар менинг гўёки тотализаторга алоқам борлиги ҳақида материаллар беришарди. Австралияга 6:0 ҳисобида мағлуб бўлган пайтимизда, гуё мен мағлубиятга учрашим учун футболчиларга пул тарқатганимни ёзишгача борган. Бунақа ҳолларда нима бўлганини футболчилардан бошқа ҳеч ким билмайди. Лекин бизда бахтга қарши футболчилар сукут сақлашади. Интервью беришмайди. Интервьюни ёлғондан тап тортмайдиган одамлар беради. Мисол учун, мен эс-ҳушли одам сифатида, сиз билан сизнинг соҳангизда, журналистикада мунозара қилмайман. Зеро, аёнки бу борада сиз устунликка эгасиз. Бу ишнинг паст-баландини биласиз. Баҳсимиз футбол соҳасига ўтган тақдирда, устунлик мен томонга ўтади. Туғрими? Журналист билан унинг соҳасига оид мунозарани қўзғаш оқилона иш эмас. Сиз барибир ғолиб чиқасиз. Лекин қаранг, журналистлар мен ҳақимда нималарни ёзишди. Қани ўз фикрини аниқ фактлар билан асослаб ёзадиган журналистлар? Муайян статистика бор. Ким қанча вақт қаерда ўйнагани ҳақида. Умуман мен ҳайратдаман. Ҳамма яхши тушунади, Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси хориж клубларида ўйнаса, кучли бўлади. Буни барча англайди. 2011 йилда ҳамма футболчиларимиз чет элга кетишди. Бари ўз клубларига жойлашди. Ўшанда ҳеч ким мени "у фалончини таклиф қилган, коррупционер деб айтмаган. Ўша футболчилар аллақачон фаолиятини якунлаган. Улардан сўрашингиз мумкин, ким уларни чет эл клубларига жойлашишганини? Улар ўзи жойлашишди ва ҳар бир футболчининг ўзининг агентлари бор.

— Дарвоқе, хабарингиз бор, бир муддат "Навбаҳор"га Андрей Канчельскис мураббийлик қилди. У билан ва унга қадар ҳам шундай муаммолар бўлганки, жамоанинг кийим алмаштириш хонасига клубнинг қўштирноқ ичидаги "хўжайинлари", маҳаллий амалдорлар ёки уларнинг фарзандлари кириб, футболчиларга қандай ўйнаш, ҳатто ютиш ёки ютқазиш ҳақида гапиришган. Клуб таъсисчиси ва ҳоким бўлган тақдирда ҳам, уларнинг футболчиларга буйруқ беришга қанчалик ҳаққи бор?

— Билмадим, мен аниқ бундай ҳолатга дуч келмаганман. Аниқроқ жавоб олиш учун Канчельскиснинг ўзидан жавоб олишингиз мумкин. Менда бошқачароқ бўлган. "Локомотив"да ишлаб юрган пайтларимда, бир одам келиб, фалончини асосий таркибга тушурасиз. Хўжайиннинг хоҳиши шу деб айтган. Бизда қоидалар шундай — ким пул берса мусиқани ўша буюртма қилади. Мен нима қилдим, биласизми? Жамоани йиғиб, барчанинг олдида ўша футболчига айтдим: "Вазир сенинг асосий таркибда майдонга тушишинг кераклигини айтибди. Бу қанақа масъулият эканини биласанми? Сен ҳозир майдонга чиқиб, вазирга ҳам, бизга ҳам пан бермаслигинг лозим. Ўйин бошланди ва ҳаш-паш дегунча бизга иккита гол уришди ва мен қайсидир дақиқада уни алмаштирдим, вассалом. Шу билан унинг асосий таркибда майдонга тушиш масаласи ёпилди. Ҳар кимда вазият турлича бўлади. Давлатдан эмас ўз ёнингиздан пул тўлаган тақдирингизда ҳам, бундай йўл тутишингиз нотўғри. Бу аҳмоқона иш, аслида. Менинг ёнимга ўша одам келиб,"вазир айтди, фалончини майдонга тушураркансиз", — деди. Буни бориб вазирдан сўрамайман-ку. Барча футбол ривожланган мамлакатларда, хусусан, бизда ҳам мамлакат раҳбари футболга жавобгар бўладиган аниқ бир жавобгар одамни тайинлайди. Лекин у одам одатда футболга бегона. Кейин у нима қилади? Бу вазифани зиммасига юклаб қўйишган, рад этолмайди. Футбол учун катта пул ажратилади. Уни кимга берса бўлади? Тадбиркор атрофига қараб, яқин инсонлари орасидан қидиради. Фаросатлиси чиқиб қолса,  бу футбол учун фойдали иш бўлар эди. Лекин кўпинча  футболга мутлақо ёд қишилар бўлади ва тадбиркорга яқин бўлгани учун бу иш билан шуғуллана бошлайди. Масалан, у сизни танлади ва сиз унинг олдида жавобгарсиз. Шунинг учун, гарчи, маҳаллий футболнинг сирларидан хабардор бўлса ҳам шу ерлик мураббийга ишонмайсиз. Сабаби, эртага у мағлуб бўлиб, муваффақиятсизликка учраса, жавобини сиздан сўрашади. Сиз эса ақлли одамсиз. Чет элда муваффақият қозонган бирор шахсни жамоага олиб келасиз. Ана бизникилар Сколарини олиб келишган эди. Номдор мураббий муваффақиятга эришмаса ҳам, баҳона тайёр. "Энг зўр мураббийни олиб келдим-ку", яна нима қилай", —  дейишингиз мумкин. Мана, муаммо нимада.

 

                                                            Худайқулов КАРИМ тайёрлади

Манба: Oзодлик радиоси
Киритилди: 18:00, 16.08.2021.
Ўқилди: 7921 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.