Кириш Регистрация

Варди ҳеч қаерга йўқолмаган. «Қари тулки» «King Power»да овга чиқади

Баҳо:
+ | -

Бир клубда афсона даражасигача кўтарилган футболчилар бўладики, мухлислар жамоасининг ҳар бир ғалабаси олдидан уларга ишонишади, тажрибасига суянишади. Вардини ҳам «Лестер» сафидаги ана шундай жангчи қиёфасида шакллантиришга етарлича асос бор. Тўғри, унинг ўйинларида секин аста пасайиш кўзга ташланяпти. Бироқ «қари тулки» ҳамон ўша-ўша. У ўзгармаган. Ёш ўтиши мумкин, бироқ инсондан унинг тажрибасини ҳеч ким тортиб ололмайди. 

Жейми Варди эмоцияларга бой ўйинчи. У керак бўлса бутун машғулот ойларини ҳам ўтказиб юбориши мумкин. Унинг ўрнига уйида - иссиққина курсида кофе билан ўзи ёқтирган футбол матчини кўришни афзал билади. Ҳа, у хаёлига келиб қолган ҳоббисидан чекинадиганлар хилидан эмас.

Шундан бўлса керак, ўйинга бўлган иштиёқи йиғилиб-йиғилиб майдонда борини чиқариб юборади, голларини осонлик билан уриб кетаверади ва якунда тулкиларга хос увиллаб, бурчак таёғини тилкалаб ташлайди. У бу ерда гўё рақибларини қанчалик аяб ўтирмаганини ифодалаб бергандек. Шунақа, Вардини «King Power»даги «қутурган» ҳолатида ҳеч ким тўхтатиб қололмайди. Ўтган ҳафта ҳам бу ҳолат такрорланди. У АПЛ илк турида азалий рақиблардан бири бўлган «Вулверхептон» билан баҳсда яна катта саҳнага чиқди. Унинг ягона голи эвазига «тулкилар» «бўрилар» устидан зафар қучди.

Гол нишонлаш чоғида эса ҳар доимгидек бурчак томонга борволганича мухлисларга қарая наъра тортди. Трибунадаги «Вулвз» мухлисларининг эса вазиятга бўлган унсиз нигоҳларини тушуниб олиш қийин эмас эди. Бироқ улар бундан унчалик ҳам ажабланишмади - бу Варди, ҳаммаси одатдагидек. Аммо бу сафар Жейми ўзининг навбатдаги қурбонини унчалик ҳам масхара қилиб ўтирмади, ҳиссиётларини ичига ютди. Унинг «King Power»да «Кристал Пелас» мухлислари қаршисида кўрсатган рақси барчанинг ёдида бўлса керак. Айниқса у «бургутлар» мухлисларининг ҳамон ёдидадирки, унга «бургут рақси» номини ҳам беришга улгуришган. Бироқ жорий мавсумдаги ёши ўтиб қолган Варди бироз ўзини босиб олгандек. У муҳим ҳодисаларга энди ҳиссиёт билан ёндашмай қўйган. Шунга қарамасдан бу Вардининг ўйини тушганини англатмайди. У ҳамон шу ерда. «King Power»да рақибларига қўрқув солишда давом этади. «Ўша» Варди ҳеч қачон қайтмайди деб ўйлаганлар адашишади.

Бироқ шунга қарамай, Роджерс ҳужумчилар рўйхатига Патсон Дака трансферини қўшди, унинг нархи 23 миллион еврога баҳоланганидан хабарингиз бор. Бу эса кўпчилик «Лестер» мухлисларининг эътирозига сабаб бўлди. Вардига ўрганиб қолган ишқибозлар учун ёш Дака варианти бироз эришдек туюлмоқда. Хўш, Брендан Роджерс 34 ёшли инглизга қанчалик ишониши мумкин? Ёки асосий режада замбиялик иқтидор борми?

Албатта, бу борада ирландиялик мутахассиснинг танловида қисман бўлсада жон бор. Чунки ўтган мавсумнинг иккинчи қисми Варди учун у қадар омадли келмади. У бу вақт оралиғида атиги тўртта гол урди холос. Олдинга интилишда иштиёқини йўқотмаган бўлса да, бу мухлисларга у қадар манзур келмади. Ноқулай жароҳатидан аранг тузалган Жейми бу сафар жамоанинг энг яхши тўпурарига айланган Келечи Иҳеаначога узатмалар етказиб берувчи вазифасини бажариб турди.

Барчага маълумки, ўтган мавсум ҳамма футболчилар учун ҳам жуда оғир ўтди. Дастлаб Европа чемпионати, сўнгра Олимпиада баҳсларида иштирок этиш спортчидан катта куч ва ирода талаб этади. Ўйинлар кўп, дам олишга вақт йўқ. Бунда эса табиийки, белгиланган таътиллар ҳам маълум муддатга кескин қисқартирилади. Қолган футболчилар мавсум бошланишига қадар клуб базасига яхшироқ формада қайтиш учун ўз шахсий мураббийлари билан индивидуал шуғулланишга тушиб кетган бир пайтда Варди ўз хонасига кириб оларди. Қўлида бир бакал пиво ва бир қадоқ чипс бўлган бу йигитга ортиқча ташвиш ва ўйлар ёқмас эди. Бироқ кам амалиётли машғулотлардан сўнг ҳам барибир майдонга ўша монстр қайтаверарди. У бутун ёзни рафиқаси Ребекка ва 5 фарзанди атрофида ўтказди. Европа чемпионатини ҳам ўз уйида сокин тарзда кузатиб борди.

Одамлар кулишади, унга жиддий ҳазиллар қилишади, лекин Варди бунга сира ҳам аҳамият бермайди. Унинг учун ўша-ўша пиво, чипслар ва телевизордаги футбол - буларнинг барчаси уни ёшартирувчи омиллар. «Вулверхемптон» билан ўйин барчасини исботлади. Илк сонияларданоқ фахрий жангга жуда эрта интилди.

Гол урилган вазиятда ҳам унга қаршилик кўрсатган Конор Коади ва унинг шериклари Жеймига унчалик эътибор беришмади. Бироқ шу ўринда вазиятга ҳам деярли тайёр эмасликлари маълум бўлди. Барча «бўрилар» учрашув давомида захира ўриндиғида қолган Дакадан чўчишарди. У ким ўзи? Қанчалик ўзини оқлайдиган трансфер? Хуллас барчанинг диққати 21 ёшли сирли замбияликка қаратилган эди. Барча уни майдонга чиқишини кутди, лекин у алмаштирилмади - Роджерс бу ерда ҳаммани алдашга қарор қилди. Танлов эса ўзини оқлади. Биринчи бўлим тугаши арафасида у ниҳоят узоқ куттирган голни рақиб дарвозасига йўллади ва мухлислар томонга ўгирилиб қари тулкиларга хос оҳангда узоқ увиллади, ўйин сўнггида эса ўзи гол урган тўпни трибунага қараб улоқтириб юборди. Бу уни унутиб юборган мухлисларга йўлланган «салом» эди. Ҳа, мавсум бошидан буён Вардининг ичида қолиб кетган қандайдир алам билиниб турибди. У Евро-2021 баҳсларига чақирув олмади. Саутгейт бу сафар қариянинг имкониятларини анча паст баҳолади, унга ишонч билдирмади.

Мухлисларнинг эса Жеймига бўлган муносабатларини тушунса бўлади. Клубда энди борган сари лидерлик масъулияти Юри Тилемансга тушиб боряпти. Бунинг устига у ўтган мавсумни анча юқори темпда якунлади. Бунинг эса Вардининг ўйини тушиб бораётган пайтга тўғри келишида рамзий параллеллик ҳам мавжуд. Уларни тушуниш мумкин. Юри ўтган мавсум давомида маълум бир танаффуссиз ҳаракат қилди, у нақ 11 ой узлуксиз спорт формасини ушлаб турди ва 66 ўйинда майдонга тушди. Эътиборли томони, у клубида 400 дан ортиқ ўйин ўтказган, лекин у ҳали эндигина 24 ёшда! Ушбу тамойиллар ҳам «Лестер»да байроқ эгаси ўзгараётганини англатади. Ахир Юрининг ёшида Варди нима қилган? Бу ёшда у Харри Кейн билан бирга «тулкилар» захира ўриндиғида ўз навбатларини кутиб ўтирмаганмидилар?! Ҳа, тўғри у пайтдаги Жейми билан ҳозирги Тилеманснинг даражасида катта фарқлар кўринади. Бельгиялик футболчи Евро-2020ни ҳам супер кайфиятда ўтказди. Гарчи жамоаси кутилган натижани қайд этмаган бўлсада у терманинг асосий қуролларидан бирига айланди. Вардичи? У терма жамоада ўйнашдан воз кечишга қарор қилди. Захирада ўтиргандан кўра бу вақтини оиласи даврасида ўтказишни маъқул кўрди.

Вардининг шартномаси тугашига икки йил қолган. У бу вақт мобайнида энди иложи борича узоқроқ муддат яхши формада туришни истайди, сўнгги йиллари мобайнида шу чоққача чиққан планкасини заррача бўлса ҳам тушириб юбормасликка ҳаракат қилади. Гарчи 5-6 йил олдинги ўйинини кўрсатиб беролмасада мураббий унга ишонишда давом этаверади. Чунки у чин маънодаги капитан, бир клуб рамзига айланиб улгурган футболчи.

«Варди жуда яхши ҳолатда». У ўзига ҳар томонлама қарайди ва ишига профессионаллик билан ёндашади. Бундай тажрибали футболчилар барчага ўрнак«, - дейди Роджерс.

Гарчи ажойиб стартга қарамай, Варди энди ҳар бир учрашувда майдонга туша олмайди. Шунингдек, у ҳар куни машғулот ўтказмайди ҳам. У ўйин олдидан бир неча қути »Ред Булл« ва бир неча стакан »эспрессо«ни, қабул қилиб олади. Чунки бу унинг доим одати. Аммо бунинг ҳам чегараси бор албатта. Қачон дам олиш керак бўлса, Роджерс унга бу борада ёрдам беради.

Дака ҳали 22 ёшда ва "Лестер" ҳужум чизиғининг келажаги сифатида кўрилмоқда. Аммо унинг келиши Вардини сира ҳам ташвишга солмайди. Жеймига ўринбосар бўлишнинг ўзи ғалати. Унинг позициясида бошқа Вардилар порлайди - фақат Жейми кетсагина. Унинг жойи фақатгина унинг ўзимники, ҳар ўйинда шундай увилловчи «қария тулки»ники. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Шунақа.

 

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади

Киритилди: 13:22, 25.08.2021.
Ўқилди: 7140 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.