ФИФА тартиб интизом қўмитаси Ўзбекистон миллий терма жамоасини жазога тортди. Бу ҳақда "Stadion" ФИФА расмий сайти маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
Марсел Метье бошчилигидаги қўмита Жаҳон чемпионати саралаш босқичи 3-раунди доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Тожикистон учрашувини кўриб чиқиб терма жамоамизнинг беш нафар аъзоси ва ЎФФни жаримага тортишди.
Учрашувнинг 70-дақиқасидан ўйин охирига қадар Ўзбекистон терма жамоасининг биттадан сариқ карточкага эга бўлган футболчиси кейинги босқич учун ўзларини "тозалаб" олиш мақсадида яна биттадан сариқ карточкани атайин олгани учун жазоланди, деб ёзади ФИФА расмий сайтида.
Тартиб интизом қоидаларининг 17-бандига кўра ушбу футболчилар Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган III саралаш босқичининг сўнгги турида Японияга қарши учрашувини ўтказиб юборади.
Ўйиннинг видеоёзувини кўриб, ўрганиб чиққан ФИФА тартиб интизом қўмитаси Ўзбекистон терма жамоасининг бешта футболчисини тартиб интизом қўмитасининг 57-бандига кўра жазолади. Шунингдек, 52 (а)-бандига кўра, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳам қўшимча жазога тортилди.
ФИФА сайтининг маълумотига кўра, Шавкат Муллажонов, Санжар Турсунов, Ислом Тўхтахўжаев, Сервер Жепаров ва Вагиз Галиулин нафақат Японияга қарши ўйинни, балки IV босқичнинг дастлабки учрашувини ўтказиб юборадиган бўлди. Шунингдек, ушбу футболчилар қўшимча 3000 швейцария франкидан жарима ҳам пули тўлайдиган бўлди.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси эса 18000 швейцария франки миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.