Келаётган учинчи турда, АПЛ баҳслари бир-биридан қизиқ баҳсларга бой бўлиши кутилмоқда. Хусусан, "Манчестер Сити" "Арсенал"ни, "Ливерпуль" эса "Челси"ни меҳмон қилади. Ушбу ўйинлар марказий мақомида бўлиши шубҳасиз, албатта. Бу икки ўйиннинг нисбатан тенг кучли рақиблар ўртасида кечадигани эса Лондон ва Ливерпуль шаҳри жамоалари тўқнашуви. Бу қарама-қаршиликнинг эътиборли жиҳати шундаки, унда яна "аристократлар"нинг янги ҳужумчиси Лукаку ҳаракат қилиши кутилмоқда ва у мутлақо янгича услуб эгаси. Бунга Клопп шогирдлари, хусусан жамоа ҳимояси қандай жавоб беради? Мудофаада бельгияликка қарши бирор режа ўйланганми? Мана шу каби саволларга футбол мутахассислари "Sky Sports" телеканали шарҳловчиси Гари Невилл ҳамда Жейми Каррагер ўз фикрларини билдиришди. Ушбу мунозарадан энг муҳим қисмларини пастда эътиборингизга ҳавола этамиз.
Невилл: "Биз "Бренфорд"ни "Арсенал"нинг ҳимоясини расво қилганини кўрган эдик. Биламизки, Лукаку жуда хавфли ҳужумчи ва ўтган ҳафта унинг бир ўзи айнан шу ишни амалга оширди. У рақиб жамоа дарвозаси томон ёлғиз тўп билан кириб бора олади ва ҳайратланарлиси, уни ҳеч ким тўхтата олмайди. "Арсенал"га қарши айнан шу ҳодиса юз берди. Мен ўйинни кузатар эканман, Пабло Марини жуда ҳам қийналганига гувоҳ бўлдим. Очиғи унга бироз раҳмим ҳам келди. У тажрибали футболчи, лекин бу нарса Лукакуга қарши иш бермади. Ромелу олд чизиқда ўта мардонаворлиги билан ажралиб турди. Унга қарши ўйнаган ҳимоячиларга имконият бермай, ўз ўрнини жуда тез ўзгартирди. Ундан хавфсираган яримҳимоячилар ҳам яқин ўйин кўрсатишди. Лекин фойдаси йўқ эди. Унинг ўзи "Арсенал" ҳимоячиларини довдиратиб ташлади. Шу йўсинда ҳужумчи рақиб жарима майдончасига чуқурроқ кириб бораверди. Бу эса барча ҳимоячиларни унга ўйнашга мажбур қилди. Ўйланган режалар иш бериб, Лукаку фактори бошқа футболчиларни яхши позиция учун имкониятлар яратилишига сабаб бўлди. Хуллас, Лукаку кейинги ўйинда рақиблар учун ўрганилиши керак бўлган асосий обектга айланган".
Каррагер: " Шубҳасиз, бундай воқеаларни "Ливерпуль" кузатиб турибди. Ўйин олдидан клуб албатта Лукакунинг ҳаракатларини синчиклаб ўрганади. Айтиш жоизки, айни дамда Лукакуга қарши дуэльга чиқиш осон эмас. У исталган ҳимоячи билан бирга-бир қолганида жисмоний томондан устунлик қила олади. Тўп ундалигида, ҳеч ким унга яқинлаша олмаяпти. Бундан кўринадики, муаммога комплекс ёндашиш лозим. Лукакуда ажойиб марказий ҳужумчи руҳияти мавжуд. Айнан мана шу томонлари билан "Арсенал"нинг марказий мудофаасини, жумладан Пабло Марини имконсизлантирган эди. Унинг энг хавфли томони сифатида тўпни ўнг оёғидан чапига ўтказишини кўрсатиш мумкин. Агар унинг чап оёғига тўп тўғирланса, дарвозабонингиз катта муаммо бўсағасида қолди деб ҳисоблайверинг".
"Челси" "Энфилд"га ташриф буюрганида дуч келадиган муаммоли вазияти Лукаку учун тезда ечим топишдир. Невиллнинг фикрича, агар майдонда битта хавф бўладиган бўлса, у ҳам Лукаку бўлади.
Невилл: "Иккинчи турдаги Лондон дербисида "Арсенал"нинг мағлубиятига энг катта сабаб — бу уларнинг Лукакуга етарлича эътибор қаратмаганлигида. Улар Каи Ҳавертз, Мейсон Моунт каби ўйинчиларни зарарсизлантиришга интилиб, Лукакуни эплай олмадилар. Чунки Тухель томонидан бельгияликка аниқ вазифа юклатилган эди ва у бу вазиани қойилмақом қилиб бажарди. Бир сўз билан айтганда, жамоа хийласи иш берди дейиш мумкин. Мен "Арсенал"ни тўпга эгалик қила олмаганига, айниқса ҳайрон қолдим. Бу ҳам Артета жамоасининг ҳимояда тутган йўли билан боғлиқ эди. Оқибатда, Ковачич ҳамда Жоржиньолар умумий ўйинни бошқаришди. "Ливерпуль" ва Клопп шундан хулоса қилган ҳолда, бошқачароқ йўл тутади деб ўйлайман. Улар юқори босим қила туриб, ҳимояда Лукакуни боғлаб ташлаши керак. Бунда мерсисайдликларнинг катта ютуғи бор. Агар Юрген ундан фойдалана олса, "Челси" ўйланган жойида тутилиши аниқ. Ромелу Лукаку билан ҳар томонлама тенгма-тенг курашишга қодир Виржил ван Дейкнинг майдонга қайтганлиги, ўйин ҳисобини олдиндан таҳмин қилишни мураккаб ишга айлантиради".
АПЛнинг учинчи туридан ўрин олган "Ливерпуль" ҳамда "Челси" ўртасидаги баҳс шанба, 28 август куни Тошкент вақти билан 21:30да старт олади.
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси