Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Роналд Куман: «Ҳар қандай йўл билан бўлса-да «Барса»га ёрдам беришни истайман» (интервью)

Баҳо:
+ | -

"Барселона" бош мураббийи Роналд Куман ФИФА кунларида матбуот ходимларига интервью бериб, жамоадаги вазият ҳақида сўзлаб берди.

Илк кунлардаги воқеалар ҳақида

"Профессионал футболчи сифатидаги "Барселона"да фаолиятимни жуда яхши эслайман. Шу боис, ўзимни бу жамоанинг бир бўлаги дея ҳисоблайман. Бу жамоадан қарздорман. Шунинг учун ҳар қандай йўл билан бўлса-да клубга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Сўнгги пайтларда "Барса" билан рўй бераётган воқеалар — меъёридан ортиқ нарсалар. Фаоилятимда турли ҳолатлар рўй берган, лекин бунақаси ҳеч қачон бўлмаганди.

Клуб келган илк кунларимдаёқ Мессидан "факс" келиш ҳодисаси рўй берди. Шунда клубнинг молиявий аҳволи оғир экани маълум бўлди. Кейин эса Бартомеуга нисбатан ишончсизлик вотуми илгари сурилди ва у истеъфога чиқди. Қисқа қилиб айтганда, муаммолар ҳаддан ташқари кўп эди.

Гризманнинг жамоадан кетиши ва Люк де Йонгнинг келиши ҳақида

Жамоага ёрдамим сифатида Эмерсоннинг трансферини айтишим мумкин. Мен раҳбариятга бу ўйинчи орқали пул ишлаб олишимиз мумкинлигини айтдим. Чунки бизда ўнг қанотда Дест, Мингеса ва Серхи Роберто бор. Бу масалада муросасиз бўлмадим.

Гризманн билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди. Трансфер сўнгги соатларда ҳал бўлгани учун вазиятда жуда оғир эди. Қарор қабул қилиш учун умуман вақт йўқ эди. Гризманнда ажойиб шартнома бор эди, аммо у клубдан кетса, жамоага молиявий томондан кўп нарса бериши мумкин эди. Шу боис, унинг кетишига рози бўлдим.

Люк де Йонгнинг трансфери борасида шуни айтишим мумкинки, бу тўсатдан юз берган иш эмас. Мен август ойи бошида у билан гаплашиш баробарида трансферни амалга ошириш имкониятларини ўргана бошладим. Менга шундай типдаги ҳужумчи керак эди. Бизда шу пайтга Люк де Йонг каби ўткир ҳужум бўлмаган.

Люк бизга ҳужумда кўп вариантларни беради. Чунки, у иккинчи қаватда яхши ўйнайди. Керак бўлса, тўғри чизиқли футбол ўйнашимиз мумкин. Шу боис, ушбу трансфердан қониқиш ҳосил қилдим.

Фожиа шундаки, мураббийнинг тақдири натижаларга боғлиқ. Ҳеч ким таркибда Фати, Дембеле ва Агуэронинг йўқлигига қараб ўтирмайди. Ҳа, жамоада биринчи бўлиб мен маошимнинг пасайишига рози бўлдим. Қийин паллада ўйинчиларга ўрнак бўлишим кераклигини ҳис қилдим. Қолганларнинг, хусусан, сардорларимизнинг реакцияси менга ёқди.

Суареснинг хизматидан воз кечиши ҳақида

Суаресдан воз кечишга тўғри келганидан афсусланган пайтим бўлдими? Кечирасиз, аммо йўқ. Мен "Барселона"га раҳбариятнинг таклифи билан келдим ва жамоада ниманидир ўзгартиришим керак эди. Шу боис, илк қадам Суареснинг хизматидан воз кечиш ҳақида ўйладик. Лекин уни "Ювентус"га кетади, деб ўйлагандик, "Атлетико"га эмас. Аммо ушбу қарордан ҳеч қачон афсусланмаймиз.

"Барса"даги фаолиятимнинг дастлабки ойидан кейин: "Жин урсин, мен қаерга келиб қолдим?", деган фикр ўтди. Қийин вазиятлар бўлади. Бундай пайтда кўп нарсалар ҳақида ўйлайсан, аммо ҳамиша ижобий нарсаларни қидириш керак. Жамоани жаҳоннинг энг яхши футболчиси тарк этганида, жароҳатланган футболчилар кўпайиб кетганида, молиявий муаммолар таъқиб қилаётгани вазиятдан чиқиб кетиш йўлини топишинг керак.

Мен буни синов деб қабул қилдим ва бу ҳолат менга мотивация бермоқда. Охир оқибат "Барса"га ва ўз ишимга бўлган муҳаббат мен учун муҳим аҳамиятга эга.

Ўтган мавсумдаги энг яхши ва энг ёмон ўйини ҳақида

Ўтган мавсумда, ҳеч бир шубҳасиз, "Атлетик Бильбао"га қарши бўлиб ўтган Испания кубогини финалини таъкидлаган бўлардим. Биз бошидан охиригача идеал ўйин ўтказдик. Лео ва бутун жамоа ажойиб ўйин намойиш этгандик. Энг ёмон баҳс эса ўз уйимизда "Гранада"га қарши бўлиб ўтган учрашув. Чунки, 70-дақиқагача биз 1:0 ҳисобида олдинда бораётгандик, аммо якунда мағлуб бўлгандик.

Ўтган мавсумда бизга интенсивлик етишмади. Чизиқлар орасида узилишлар рўй берди. Айниқса, мавсумнинг иккинчи қисмида бу ҳолат сезилди. Мудофаада муаммолар кўп бўлди, бунинг учун жазоландик. Бу нарсалар руҳий жиҳатдан бизни издан чиқарди. Аммо бу вазиятларни тўғри таҳлили қилишимиз керак. Мавсум давомида вазиятни ўнглашга ҳаракат қилдик. Хусусан, "Реал Сосьедад" ва "Хетафе"га қарши ўйинларда.

Ўзимни кучли психолог деб ҳисоблайман. Менинг келажагим мени мутлақо хавотирга солмайди. Бу борада хотиржамман. Қийин паллада мени қўллаб-қувватлаган мухлисларга ва Жоан Лапортага миннатдорчилик билдираман. У президентликка келганидан кейин клубдаги вазият ижобий томонга ўзгарди.

Янги шартнома ҳақида

Икки ярим ҳафта аввал агент билан биргаликда раҳбарият билан учрашув ўтказдим. Шартномам якунланишига бир йил қолганини, аммо менинг ишимдан қониқиш ҳосил қилишаётганини айтиб, ҳамкорликни давом эттиришни истаётганликларини айтишди. Шундан кейин бу ҳақда бошқа гап бўлмади, аммо ОАВда доимо қандайдир хабарлар пайдо бўлади.

Мен "Барселона" томонидан бериладиган ҳар қандай таклифга очиқман. Агар жамоа ҳамкорликни давом эттиришни истаса, нима учун мен клубдан кетишим керак? Биз қийин вазиятлардан ўтиб келяпмиз. Яқин келажакда яна янги муаммоларга тўқнаш келсак керак. Ихтиёримизда келажаги порлоқ футболчилар етарли. Улар узоқ йиллар давомида ўз позицияларини ёпа олишади. Бу эса мени руҳлантиради.

Умтити ва Пуч ҳақида

Умтити ҳақида сўнгги пайтларда кўп гапирилмоқда. Жароҳатдан кейин у керакли даражага чиқиб олиши қийин кеқмоқда. Сўнгги пайтларда у ўсиб бораётганини кўряпман. Ўтган мавсум сўнгида у бир неча дақиқа ўйин амалиётига эга бўлди. Самуэль ўз позициясида рақобат борлигини кўриб турибди. У ўз формасини тикланишини истайман. Агар у машғулотда ўзини кўрсата олса, у албатта ўйинда иштирок этади.

Кимдир мени Рики Пучга қарши дея гапираётган бўлса, бу — бўҳтон. У билан машғулотда ишлаяпмиз. Унга ўз ўйинини кучайтириш учун нималар қилиш кераклигини доимо тушунтиряпман. У кам ўйин амалиётига эга бўлаётганига тўхталадиган бўлса, тўхтанг. Мен мураббийман. Агар жамоа ғалаба қозонса, мени мақташади, агар мағлубиятга учрасак, мухлислар биринчи бўлиб мени "кўмишади". Шундай экан, жамоада ротацияни қай тарзда амалга оширишни ўзимга қўйиб беринг.

Мессининг кетиши ҳақида

Лапорта менга қўнғироқ қилиб, Месси жамоада қолмаслигини айтганида, бу жуда кучли зарба бўлганди. Мен мавсумга барча режаларни Мессига таяниб тузаётгандим. "Факс" воқеасидан кейин янги мавсумда у ўзини кўрсатиш учун кучли мотивацияга эга эди. Лео учун яхши муҳитни юзага келтиришга ҳаракат қилдик.

Месси кетганидан кейин ўзгаришимизга тўғри келади. Тактик схема ҳақидаги гап-сўзлар ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ҳаттоки Кройфф ҳам ҳамиша 4-3-3 схемасида ўйнамаган. Футболчилик фаолиятимда "Барса" сафида уч ҳимоячи билан ўйнаганмиз. Жамоа турли схемаларга мослашувчан бўлиши керак. Мен 4-3-3 схемасидан ўйнашда давом этаман, аммо 3-5-2ни ҳам қўлостимда ушлаб тураман. Бу эса рақибга боғлиқ.

Манба: football.ua
Киритилди: 06:00, 09.09.2021.
Ўқилди: 2650 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.