Дунёдаги энг кучли ҳужумчилар қаторида эътироф этиладиган Роберт Левандовски польшалик футболчи саналади. У Варшава шаҳрида улғайган. Унинг ёшлиги ҳам бевосита шу шаҳар билан боғлиқ. Узоқ йиллар мобайнидаги саъй-ҳаракатлари туфайли Жаҳонда тан олинган футболчига айланган Роберт ҳеч қачон ўз илдизи аслида қаерга бориб тақалишини унутмайди. У доимо таътилларини ўз юртида ўтказишга одатланган. Табиийки, бу учун яхши шароит ҳам ҳозирлаган.
Левандовски 2010 йилдан буён Германияда яшаётганига қарамасдан, Польшани соғиниб ҳаёт кечиради. Шу сабаб «Бавария» клуби форварди 2016 йилда Варшава шаҳридан қиймати 7 миллион фунтга тенг бўлган уй сотиб олади. Люкс даражадаги уй рекреация маркази ва миллий спорт ва санъат музейига яқин ерда жойлашган. Варшаванинг энг бой инсонлар истиқомат қиладиган Злота 44 мавзейида квартиралар нархи 242 минг фунтдан 1.9 миллион фунтгача. Ҳатто у ерда Левандовскиники каби 7 миллионлик уйларни ҳам учратиш мумкин. Асли Польшадан бўлган америкалик муҳандис Даниел Либескинд томонидан лойиҳалаштирилган 192 метрли баланд минорада Робертга керакли барча нарса муҳайё қилинган. «Luxurious Magazine» журнали маълумотларида келтирилишича, Левандовски уйи ичида шахсий кинотеатр, гольф майдончаси ҳамда винохўрлик қилиш учун алоҳида хона мавжуд.
Ўз клубида ҳафталик 352 минг фунтлик маош олувчи футболчи бу ҳақда шундай дейди: «Мен ўз уйимни танлашда бу ердаги амалий қулайликларга эътибор қаратган эдим. Ушбу бино Польшадаги энг яхши тураргоҳлардан бири. Бу ердаги спорт ҳамда рекреация маркази менга машғулотларимни тўлақонли амалга оширишимга ва юқори даражада бўлишимга ёрдам беради. Менинг касбимда доимо юқори даражадаги машғулот анжомларидан фойдаланиш талаб этилади. Шу сабаб ўзим учун бу ерда бир қанча қулайликлар яратганман. Жумладан, махсус югуриш йўлакчаси, тўла ҳажмли чўмилиш ҳавзаси, яхши жиҳозланган гимнастика зали, люкс СПА салони, шунингдек, тикланиш ҳамда массаж хоналари ҳам. Бу нарсаларнинг бари жисмоний ҳолатимни яхши даражада бўлишига ёрдам беради».
33 ёшли ҳужумчи сўнгги пайтлардаги Бундеслига ҳамда ЕЧЛнинг енгилмас футболчисига айланди. У шу ёшда ҳам алқ бовар қилмайдиган натижалар қайд этишда давом этмоқда. Ўтган мавсум ҳамда ундан олдингиси сўзимизга яққол мисол бўла олади.
ЛеванGOLски ҳозирда Жаҳон чемпионатига саралаш баҳсларида иштирок этиш билан банд. Полша терма жамоасининг барча даврлардаги энг яхши тўпурари кеча Англияга қарши Варшавадаги Миллий стадионда майдонга тушди. Унинг ҳисобида ҳозирда 72 та терма жамоа сафидаги голлари мавжуд.
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси