Бразилиялик 55 ёшли мутахассис Пауло Аутуори сўнгги бир йил ичида Қатар терма жамоаси рулига тайинланган тўртинчи мутахассис бўлмоқда. Янги мураббий олдига Қатарни 2014 йиги Жаҳон чемпионатига чиқариш вазифаси қўйилди.
Эронга қарши ЖЧ-2014 III саралаш босқичининг сўнгги тури олдидан Пауло Аутори терма жамоа мураббийлигига келтирилди. Ўтган йили декабрь ойида пан-араб ўйинларида Қатар терма жамоасининг муваффақиятсиз иштирокидан сўнг Себастьян Лазарони исеъфога чиқарилгач, Қатар терма жамоаси мураббийсиз қолган эди.
Шу вақтгача Қатар олимпия терма жамоасини бошқарган бразилиялик мутахассис 29 февраль куни Теҳронда бўлиб ўтадиган муҳим учрашувга 28 футболчини тайёрлашга киришди.
Қатар терма жамоаси «Е» гуруҳида айни дамда иккинчи поғонада бормоқда. У учинчи ўриндаги Баҳрайн терма жамоасидан 3 очко олдинда ва тўплар нисбати бўйича ҳам жуда катта устунликка эга. Агар Қатар сўнгги турда минимал ҳисобда ютқазса ҳам, Баҳрайн Индонезияни 9 тўп фарқи билан ютиши керак бўлади.
Ўтган йилги мураббийлар Бруно Метсю, Милован Раевац ва Лазаронидан сўнг жамоа бош мураббийлигига келган Аутуори терма жамоа IV саралаш босқичига қийналмасдан чиқиши, ҳатто Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўга киритишини билдириб ўтди.
«Менда ўзимга бўлган ишонч катта ва футболчиларга ҳам ишонаман. Эронда ўтадиган навбатдаги ўйинда ҳам бор имкониятимизни ишга солиб, ижобий натижа билан қайтамиз. Биз учун муҳими мусобақанинг бу босқичида ўзимизга бўлган ишонч ва тажрибани орттириб олишдан иборат», — деган Аутуори.