Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов мураббийлик фаолияти билан бир вақтда агентлик билан шуғуллангани борасида ҳам фаразлар мавжуд. Шунга қарамай, мутахассис бу айбловларни кескин инкор қилиб келади.
Аввалроқ «Бунёдкор» собиқ футболчиси Жасур Жалолиддинов «Sports.uz» сайтига берган интервьюсида шунга шама қилиб ўтди. Унга кўра, Жалолиддинов Абрамовга агентлар билан шартномасини бекор қилмоқчи эканлиги ҳақида айтган. Бироқ Абрамов бунинг иложи йўқлигини, акс ҳолда футболчи 1 миллион доллар товон пули тўлаши кераклигини айтган. Маълум бўладики, Абрамов агентлар билан шартнома шартлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлган.
Шунингдек, «Бунёдкор» клубида фаолият олиб борган мутахассис Аброр Имомхўжаев ўзининг Facebook саҳифасида бу ҳақда пост қолдирди. Унда қайд этилишича, Жалолиддинов билан боғлиқ шартномалар айнан Абрамов томонидан ишлаб чиқилган. Имомхўжаевнинг таъкидлашича, Жалолиддиновнинг «Локомотив М» билан шахсий шартномаси Абрамов томонидан тузилган ва «Бунёдкор» офисидаги компьютерда терилган. Мутахассис пандемия даврида футболчини Москвага ўз вақтида жўната олмаган клуб маъмурини ишдан ҳайдагани ҳам айтилган.
Маълумот учун, Вадим Абрамов ЖЧ—2022 саралаши 2-босқичи 1-туридан кейин Эктор Купернинг ўрнини эгаллади. Унинг қўл остидаги жамоа гуруҳда Саудия Арабистонидан кейинги ўринни эгаллади, бироқ бу ҳал қилувчи босқичга чиқиш учун камлик қилди. Шу тариқа Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор мундиал саралашининг ҳал қилувчи босқичига чиқа олмади.