Ўзбекистон миллий терма жамоаси 23 феврал куни Чонгжу шаҳрида Кореядаги биринчи ўқув машғулотларини ўтказди. 19 футболчи иштирок этган машғулотлар маҳаллий вақт билан 16:00 да бошланиб, бир ярим соат давом этди.
Бош мураббий Вадим Абрамов ва катта мураббий Шуҳрат Мақсудовнинг анъанавий дастури асосида 18 та футболчи шуғулланди. Олимпия терма жамоаси таркибида жароҳат олиб сафдан айрилган Акбар Исматуллаев эса майдон четида югуриш машқлари билан чекланди.
Футболчилар кечки овқатдан сўнг 1 соат давомида назарий машғулотда қолишди.
Ўзбекистон терма жамоаси 25 февралда Чонгжу чеккасида жойлашган World Cup стадионида Корея миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Корея Футбол Уюшмасининг таклифига кўра ташкил этилган мазкур ўйинда бош мураббий Вадим Абрамов сариқ карточкалари туфайли Японияга қарши ўйинда майдонга туша олмайдиган футболчиларсиз ўйнашни синовдан ўтказади. Шу мақсадда Абрамов олимпия терма жамоасининг бир нечта футболчисини ҳам ўзи билан Қатардан Кореяга олиб келди.
Кореяга Ўзбекистон делегацияси икки гуруҳга бўлинган ҳолда келди. Тошкент халқаро аэропортидан асосий жамоа аъзолари Сеулга ёъл олди. 15 нафар футболчидан иборат делегацияга катта мураббий Шуҳрат Мақсудов раҳбарлик қилди. Биринчи гуруҳ Сеулга учиб келиб, аэропортдан то Чонгжугача 3 ярим соатлик йўл юриб келганида БАА-Австралия учрашуви ўз якунига етиб бўлган эди. Биринчи гуруҳ ярим тунда Чонгжудаги Ривьера Ҳотел меҳмонхонасига жойлашди.
Меҳмонхонада биринчи гуруҳни бош мураббий Вадим Абрамов ва билан бирга келган футболчилар, мураббийлар ва терма жамоа тасвирчиси кутиб олди. Қатар пойтахти Доҳада Лондон олимпиадаси саралашининг 5 турида Ироққа қарши ўйинда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган олимпия терма жамоасининг 4 нафар аъзоси Акбар Исматуллаев, Дилшод Раҳматуллаев, Ойбек Қиличев, Жасур Ҳасановлар Вадим Абрамов билан бирга Сеулга шом пайтида учиб келишган эди.
Ўзбекистон терма жамоасининг 24 февралдаги кун тартиби ҳам деярли шундай кечади. 25 феврал куни ўйин маҳаллий вақт билан 14:00 да бошланиши муносабати билан машғулотлар 23 февралдагидан 2 соат олдин бошланади.
Терма жамоа делегациясининг Кореядаги сафари 26 март куни ўз якунига етади. Шу куни футболчилар Сеулдан Нагояга 29 февралдаги Японияга қарши Жаҳон чемпионати саралаш ўйинида иштирок этиш учун учиб кетадилар.