Мусобақа: УЕФА Чемпионлар Лигаси(гуруҳ босқичи)
Ўйин вақти: 2021 йил, 28 сентябрь, сешанба
Ўтказилиш жойи: Италия, Милан, "Сан-Сиро" ўйингоҳи
Бош ҳакам: Жунайд Чақир(Туркия)
Ўйин старти: маҳаллий вақт билан 21:00 (Тошкент вақти билан 00:00)
Италиянинг бой тарихга эга бўлган "Милан" клуби сешанба куни оқшом сўнгги етти йил ичида илк маротаба ўз уйида ЕЧЛ баҳсига мезбонлик қилади. Турнинг иккинчи баҳси "Атлетико" билан ўтказилиши белгиланган. Миланликлар ушбу учрашувга ички чемпионатнинг 6 турида 5 та ғалаба билан етиб келди. Аммо "Ливерпуль"га қарши илк турда меҳмонда жамоа мағлуб бўлган эди. "Милан" устози Стефано Пиоли ўйиндан олдинги матбуот анжуманида ўз шогирдлари ва Европада топ саналган клублар орасида анча фарқ борлигига тўхталиб ўтганди.
"Милан" ҳақида
"Милан" аввал айтилганидек, ички чемпионатда кетма-кет ғалаба қозонмоқда. Сўнгги турда улар "Специя"га қарши ирода кўрсатиб 2-1 ҳисобида ўйинни ютиб кетган эди. "Атлетико"га қарши ўйинда Златан Ибрахимович, Тьемуэ Бакайоко ва Рейд Круничлар жароҳатлари сабаб қатнаша олмаслиги айтилган. Олдинроқ жароҳатланганлар рўйхатида бўлган Симон Кьер ҳамда Алессандро Флорензилар кеча жамоа билан машғулот ўтаган. Шунингдек, сафга Давиде Калабрия ва Оливье Жирулар ҳам қайтгани айтилмоқда. Хабарларга қараганда, Пиоли Майк Меньянни дарвоза учун асосий вариант сифатида танлайди. Калабрия ҳамда Кяерларнинг қайтиши эса ҳимояни Томори ва Эрнандезлар билан мустаҳкамланишини таъминлайди. Сандро Тонали ҳамда Френк Кесси орқароқда, Салемакерс, Браим Диас ҳамда Рафаель Леаолар ҳужумкорликни таъминловчи футболчилар сифатида кўрилади. Ҳужумда 100 фоиз тайёр бўлмагани учун Жиру ўрнига Анте Ребич белгиланган.
"Атлетико" ҳақида
Юқорида айтиб ўтилганидек, "Атлетико Мадрид" жамоаси ўтган мавсумда тарихидаги 11 чемпионликни нишонлади. Улар турнир жадвалида мавсум давомида 26 та ғалаба, 4 та мағлубият ҳамда 8 та дуранг билан ўзининг ашаддий рақиби бўлган "Реал"ни 2 очкога ортда қолдиришни удда қилишди. Шунга қарамай "матрасчилар" учун янги мавсум кутилганидек бошланмади. Хусусан, ЕЧЛ биринчу турида "Порту" билан дурангга имзо чекишди. Барибир "Атлетико" катта тажриба эгаси ва исталган пайтда ўз даражаси билан кўриниш бера олади. Клуб марказий ҳимоячиси Стефан Савичнинг Еврокубоклар учун қўлланилган дисвалификацияси ҳали якунланмаган. Шу сабаб бугунги ўйинда кўп эҳтимол унинг ўрнини Хосе Хименез эгаллайди. Симьоне бу мавсумда учталик эмас, балки тўртталик ҳимоячи стратегиясидан фойдаланмоқда.
Жамоанинг асосий футболчиси Тома Лемар 2 ҳафталик жароҳатини тузатиб, яна сафга қайтган. Ҳужумчи Жоао Фелишда жароҳат йўқ эди, аммо унда ҳам дисваликфикация борлиги сабаб сўнгги иккита Ла лига баҳсида жамоасига ёрдам бера олмаган.
Бу жуфтлик Европада ўзига яраша массага эга бўлган жамоалардан иборат. Испания вакили италияликлардан натижа борасида устун саналади. Негаки, "матрасчилар" Италия клубларига қарши ижобий статистикага эга. Хусусан, "Милан"га қарши ҳам. Икки томон охирги марта 2013-2014 йилги мавсумда, ЕЧЛ нимчорак финалида тўқнаш келишган. Ўшанда Диего Симьоне шогирдлари ўз уйида 4-1, меҳмонда эса Костанинг голи эвазига, умумий ҳисобда 5-1 билан "россонерилар"ни янчиб ташлаган. Айнан ана шу баҳс "Милан"нинг ЕЧЛдаги сўнгги чиқиши бўлганди. Бугунги тўқнашувда миланликлар ўч олиш учун яхши имкониятга эга бўлишади.
Таҳминий таркиблар:
"Милан" учун:
Дарвозада: Майк Меньян;
Ҳимояда: Калабрия, Кьер(Романьоли), Томори, Эрнандез;
Таянч й,ҳ: Тонали, Кесси;
Ҳужумкор й,ҳ: Салемакерс, Диаз, Леао;
Ҳужумда: Ребич(Жиру). (4-2-3-1)
"Атлетико" учун:
Дарвозада: Ян Облак;
Ҳимояда: Триппьер, Хименез, Эрмосо, Лоди;
Ярим ҳимояда: Льоренте, Кондогбиа, Коке, Карраско
Ҳужумда: Корреа, Суарес. (4-4-2)
Ушбу баҳсни бугун соат 23:50дан бошлаб, МТРК таркибидаги телеканаллар орқали жонли эфирда томоша қилишингиз мумкин бўлади.
Жалолиддин ИСМАТОВ тайёрлади