Coca Cola Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган “Сурхон” – “Навбаҳор” (1:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Баҳром Ҳайдаров иштирок этиб, ўйин борасидаги фикрларини билдирди.
— Аввало, жамоамиз номимдан “Сурхон” мухлисларига миннатдорлик билдираман ва ғалаба билан табриклайман. Жуда қийин ўйин бўлди, чунки ҳаммамизга маълум, “Навбаҳор” тажрибали футболчиларга эга кучли жамоа. Йигитларимиз матонат кўрсатишди ва олтинга тенг уч очкога эга чиқдик. Ўйинга келсак, футболчиларимиз ўзларига юклатилган вазифаларини аъло даражада бажаришди. Йигитлар кейинги баҳсларда ҳам шундай ҳаракат қилишса, ўйлайманки, ғалабалар бардавом бўлади.
— Кейинги турда “Сурхон”ни сафарда “Турон”га қарши яна бир ўта муҳим баҳс кутиб турибди...
— “Турон” жамоаси турнир жадвалида бизнинг рақобатчимиз саналади. Ўйингача ҳали 12 кун вақт бор. Яйпанликларнинг ўйинини батафсил ўрганиб чиқамиз ва астойдил тайёргарлик кўрамиз. Ўша учрашувда кўп нарса ойдинлашади.
— Муродбек Бобожоновнинг голи борасида тўхталиб ўтсангиз...
— Дарвозабон ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юбормаслиги, ҳужумчи эса гол уриши керак. Бу ҳаёт қонуни. Бобожоновнинг олдинги ўйинларда омади келмаётганлиги боис, 2-3 та баҳсда унга дам бергандик. Бугунги ўйинда эса унинг омади чопиб, гол урди. Бу эса жамоада рақобат борлигини кўрсатиб берди. Жамоанинг ҳар бир чизиғида рақобат бўлиши шарт.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.