Хабар берганимиздек, 9-10-октабр кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри аралаш жанг санъатлари бўйича ҳаваскорлар ўртасида биринчи маротаба ўтказилаётган Марказий Осиё чемпионатига мезбонлик қилади.
Маълумки, 2020 йил 9 февралда Марказий Осиё аралаш жанг санъатлари Конфедерацияси (CАММАC)га асос солинган эди. Эртага илк маротаба старт оладиган чемпионат айнан CАММАC, Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси ва Ўзбекистон жанг санъатлари ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда.
Табиийки, турнирда ушбу ташкилотга аъзо 5та мамлакат вакиллари иштирок этади. Булар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон аралаш жанг санъати усталардир.
Бугун ушбу мусобақага бағишлаб Нукус ҳарбий гарнизонидаги маданият саройида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ташкилотчилар ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.
Шунингдек, матбуот анжуманида мусобақанинг фахрий меҳмони – Халқаро аралаш жанг санъати федерацияси президенти жаноб Кеннит Браун сўзга чиқиб, чекка-чекка худудларда ҳам спорт турларига берилаётган эътибор, спортчилар учун яратилаётган шароитлар туфайли бугунги кунда халқаро майдонларда ўзбек спортининг нуфузи ортиб бораётганлиги ҳақида илиқ фикрлар билдириб ўтди.
Эртага, 9 ноябрь куни Марказий Осиё чемпионати бошланади. Унга кўра, спортчилар 52.2 кг, 56.6 кг, 61.2 кг, 65.8 кг, 70.3 кг, 77.1 кг, 83.9 кг, 93 кг, 120 кг ҳамда 120 кг.дан юқори вазн тоифаларида саралаш баҳсларига киришади. Мусобака Нукус шаҳридаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли «Манеж» спорт мажмуасида ўтказилади. Жанглар ҳар бюири 3 дақиқадан иборат 3 раунд давом этади. Биринчи Марказий Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросими эртага соат 18:00да бошланади.
Мусобақада Ўзбекистон терма жамоа шарафини Ҳумоюншоҳ Зокиров, Беҳруз Исроилов, Ҳусниддин Сатторов, Шукурулло Рустамов, Беҳруз Акбаров, Мунис Мўминжонов, Икром Эржанов сингари жами 20 нафар ҳавакор спорчиларимиз ҳимоя қилишади.