Бразилия йиллар давомида ўз футболи ва бу футболдан чиққан талантлари билан бутун дунёга яхши таниш булиб келган. Бу мамлакатда ҳозиргача нақ тўртта(!) "Олтин тўп" сазоварлари мавжуд. Албатта, бу ажабланарли ҳол эмас. Гарчанд энг сўнгги соҳиб ўз совринини 2007 йилда қўлга киритган бўлса ҳам, унгача бразилияликлар дунёни 5 марталаб забт этиб қўйган эди. Қуйида ушбу футболчиларни яна бир марта ёдга соламиз.
1. Кака
Кака Лионель Месси ҳамда Криштиану Роналду эраси бошланишидан илгари "Олтин тўп"га эга чиққан сўнгги бошқа ва бразилиялик футболчи бўлган. У бу совринга юқорида айтилганидай, 2007 йилда мавсум якунларига кўра лойиқ кўрилган. Бразилиялик ҳужумчини "Милан"нинг 2007 йилдаги ЕЧЛ ғолиблигида катта ҳиссаси бор эди. У ўша пайтда энди етишиб келаётган Роналду ва Мессидан олдин энг фаворит ўйинчи сифатида кўриларди. Кака "Олтин тўп"ни олгач, шундай деганди: "Бу йили Чемпионлар лигасини ҳам ютдик. Мен учун мавсум кутилмаган ва эсда қоларли бўлди. Мен бу совринни олганим ва шу ерда турганим учун Яратгандан беҳад миннатдорман. Бу эътибор ажойиб ўтган йилни чиройли хотимага тўлдирди. Мени қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат". Кака даври мана шу пайтлардан бошлаб пасайиш томон кета бошлайди.
2. Роналдиньо
Какадан илгари Роналдиньо бу совринни олган охирги бразилиялик эди. У "Олтин тўп"га 2005 йилда лойиқ кўрилади. У ўша даврда бу учун Англия чемпионлигини қўлга киритган Френк Лемпард ҳамда Чемпионлар лигаси ғолиби Стивен Жераррд билан рақобат қилган. Якунда эса Роналдиньо ғалаба қозонганди. Ўша йил "сеҳргар" учун яхши кечади. Негаки, у "Олтин тўп"дан илгари ФИФАнинг "дунёнинг энг яхши футболчиси" ва ФИФпронинг "энг яхши ҳужумчи" совринларига лойиқ кўрилади.
3. Роналдо
"Il Fenomeno" уч хил йўналишда соврин ютган дунёдаги ягона ўйичи эди. У дастлаб, 1996 йилда, бор-йўғи 20 ёшида ФИФАнинг "Йил футболчиси" деб топилади. У бу совринни қўлга киритган дунёдаги энг ёш ўйинчи. Кейинчалик эса "Реал"га келган пайтларидан бошлаб иккинчи "Олтин тўп"ни ва учинчи йил ўйинчиси унвонини олади. Унинг фаолияти Мадрид клубида ажойиб кечган.
4. Ривалдо
Чапақай бразилиялик ўз фаолиятини ўз юртида, "Палмеирас" жамоасида бошлайди. У ердан кўп ўтмай, Ла лига клуби "Депортиво" сафига йўл олади. Испанияда ўзини кўрсата олган ҳужумчи 1997 йилда "Барселона" билан шартнома имзолайди. Унинг ўйиндаги салоҳияти, дриблинги, ҳужумкор қобилияти рақибларни осонлик билан доғда қолдиришини таъминлар эди. Ривалдо каталонияликлар сафида сенсацион футболчига айланади. 1999 йилда эса, мос равишда "Олтин тўп"га эга чиқади.
Бразилия – бу Бразилия! Ундан не-не буюклар етишиб чиққан ва яна қанчаси етишиб чиқади. Ҳозир ҳам дунё футболида уларнинг ўрни ва таъсири сезилиб турибди. "Янги Дунё"да футбол ватанига айланган тупроқдан футбол учун буюк сиймолар қадрияти устунлик қилмоқда. Ҳаётий фалсафаси футбол устига қурилган ўйинчилар эса, доимо меҳнатига яраша тақдирланиб келган.
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси