Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Абрамов: «Режаларимиз Японияники билан деярли бир хил»

Баҳо:
+ | -

Япония терма жамоасига қарши ЖЧ-2014 саралаш учрашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов эртанги ўйиндан кейин гуруҳдаги пешқадамликни сақлаб қолишни мақсад қилаётганини айтиб ўтди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси яримҳимоячиси эса япон характери Япония терма жамоасининг энг кучли жиҳати эканлигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Япония ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув 29 февраль, чоршанба куни Тошкент вақти билан 15:32да бошланади.

В.Абрамов: - Япониядек меҳмондўст мамлакатда бўлиб турганимиздан жуда ҳам мамнунмиз. Эртанги ўйинга чиқарилган чипталарнинг барчаси сотилиб бўлибди. Бу нарса эса бизнинг футбол мухисларига ёқадиган яхши ва чиройли футбол ўйнашга ундайди.
А.Ҳайдаров: - Биз эртага Осиёнинг энг кучли жамоасига қарши майдонга тушамиз. Бизни нафақат футболчилар учун, балки ишқибозлар учун ҳам қизиқарли бўлган ўйин кутиб турибди. Ўзбекистон терма жамоаси бўлажак баҳсда ўзининг энг яхши ўйинини намойиш этиб, мухлисларни хурсанд қилади, деб ўйлайман.

- Эртанги ўйинда Ўзбекистон терма жамоасининг беш нафар футболчиси майдонга туша олмайди. Уларнинг ўрнига янги футболчилар таклиф этилган. Бу жиҳат Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинига қанчалик таъсир кўрсатади?

В.Абрамов: - Таркибимизга фақат беш нафар эмас, балки ундан ҳам кўпроқ футболчи киритилмаган. Тошкентда Японияга қарши майдонга тушган таркибдан эртага фақат учтаси майдонга тушиши мумкин. Шунга қарамай, Ўзбекистон терма жамоасида уларнинг ўрнини боса оладиган тенг кучли футболчилар бор. Бу ўйинга бўлган қизиқишни пасайтирадиган сабаб деб ўйламайман.

А.Ҳайдаров: - Умуман олганда, терма жамоага янги таклиф этилди дейилаётган футболчилар билан доим бирга ўйнаб, шуғулланиб келганмиз. Шунчаки, асосий таркиб нисбатан тажрибали футболчилардан ташкил топган. Мен бу икки таркиб ўртасида катта фарқ бор деб ўйламайман. Асосий таркибдан бир неча футболчининг йўқлиги билан, бош мураббийимиз ҳам айтиб ўтганидек, ўйинга бўлган қизиқиш йўқолиб қолмайди. Янги жалб этилган футболчилар асосий таркиб аъзоларидан ҳеч бир жиҳатда кам эмас ва, менинг фикримча, қайсидир вазиятларда устунроқ ҳам.

- Ўтган йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси ўйиннинг аксарият вақти давомида устунликни ўз қўлида сақлаб турганди. Шу муносабат билан иккита савол: нима деб ўйлайсиз, бу факт икки терма жамоанинг савияси бир хил даражада эканлигидан хабар берадими? Иккинчи савол: Япониянинг терма жамоасининг қандай кучли ва кучсиз томонлари бор?

В.Абрамов: - Тошкентдаги ўйин вақтида, ўзингиз айтиб ўтганингиздек, биз Япония терма жамоасидан кам ўйин намойиш этмагандик, ўшанда иккита тенг кучли жамоа бир-бирига қарши майдонга тушганди. Ўшанда Япониядан кучсиз бўлмаганимизни ҳисоб ҳам кўрсатиб турибди. Япониянинг терма жамоасининг кучли-кучсиз томонлари ҳақида тўхталадиган бўлсам, бугунги кунда Япония Осиё футболининг етакчиси ҳисобланади ва шунинг ўзи кўп нарсадан хабар бериб турибди. Биз яқин вақт ичида Япониядек бўлишга интилишимиз керак. Агар жаҳон чемпионатига чиқа олсак, демак, савиямиз Японияники билан тенг бўлади. Бироқ ҳозирча бу борада улардан орқада қолмоқдамиз.

А.Ҳайдаров: - Сентябрдаги ўйинга биз жуда ҳам кучли тайёргарлик кўрган эдик. Ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этилганига қарамай, ўзингиз айтганингиздек, яхшироқ ўйин намойиш этиб, ташаббусни қўлимизда сақлаб тургандик. Мен Япония терма жамоасини жуда ҳам кучли жамоа деб ҳисоблайман ва, ҳар ҳолда, Осиё Кубоги асосида фикр билдирадиган бўлсам, унинг кучсиз томонларини кўрганим йўқ. Унинг энг яхши тарафи сифатида эса бир нарсани айтишим мумкин, буни бош мураббийимиз ҳам бизга мунтазам такрорлаб келади, бу – япон характери.

- Жаноб Абрамов, сиз бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи ҳам ҳисобланасиз. Айтинг-чи, олимпия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Ойбек Қиличевни асосий таркиб футболчиларидан фойдалана олмаслигингиз учун жалб этдингизми ёки уни ҳақиқатан ҳам асосий терма жамоада синаб кўрмоқчими эдингиз?

- Албатта, олимпия терма жамоасида ҳам ишлаганим сабаб бу йигитларнинг ҳозирги имкониятларини жуда ҳам яхши биламан ва шу сабаб бу футболчиларнинг терма жамоа таркибидан жой олишлари учун имконият бераман. Мен Ойбек Қиличевни, сўзсиз, миллий терма жамоа даражасидаги футболчи деб ҳисоблайман.

- Япония терма жамоаси эртанги ўйиндан кейин уч ой давомида бекор қолади, унда айнан халқаро учрашувлар борасида аниқ бир режа йўқ. Июнь ойида бошланажак кейинги саралаш босқичигача сизда қандай режалар бор?

- Нафақат Япония, балки бошқа терма жамоалар ҳам футболчиларни клублардан чақириб олиш имконини берадиган ФИФА кунларига қараб қолган. Бизнинг режаларимиз ҳам Японияникидан деярли фарқ қилмайди: июнь ойигача йиғилиб, бирор учрашув ўтказишимиз даргумон. Чунки тақвимда бунга имконият йўқ.

- Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртанги ўйинда нимани мақсад қилмоқда?

- Биз биринчи ўринда қолишни жуда ҳам хоҳлаяпмиз. Аммо бу ниятимиз амалга ошадими-йўқми, буни эртанги ўйиндан кейин билиб оламиз.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 19:02, 28.02.2012.
Ўқилди: 11383 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.