Футбол дунёсида кўплаб ӯйинчиларнинг бошидан ўтадиган бир жараён бор. Бу клубдан клубга кўчишда муваффақиятсизликка учрашдир. Сиз ва биз таниган юлдуз футболчилар фаолиятида ҳам бундай ҳодиса содир бўлган. Қуйида ушбу футболчиларнинг бир нечтасини санаб ўтамиз.
Набиль Фекир
Фекир 2018 йилда "Лион"дан "Ливерпуль"га ўтишга яқин келган эди. Ўша йили у Франция терма жамоаси билан бирга Жаҳон чемпиони бўлиб қайтиб келади. Ярим ҳимоячи мерсисайд клубига ўтишига бир баҳя қолганди. Аммо ушбу жараён тиббий кўрик туфайли амалга ошмай қолди. Шундай қилиб, ҳозирда Фекир "Ливерпуль"да эмас, балки "Бетис"да фаолият юритмоқда.
Девид Де Хеа
"Реал Мадрид" 2015 йилда "МЮ" дарвозабонини олиб келиш ҳарактида эди. Испаниялик посбон ўз она юртига қайтишни истаган ва 2015 йил август ойида, трансферлар ойнасининг сўнгги кунида "қаймоқранглилар" сафига қўшилишга тайёр бўлган. Де Хеа ҳатто битимни якунлаш учун Испанияга парвоз қилганди. Аммо "МЮ" бу трансферни истамади. Шу сабаб ўртада тузилажак шартномани ратификация қилмайди. Ўшанда тарқалган хабарларда "Олд Траффорд"даги факс ускунаси ишламай қолгани айтилганди. Қайоқда дейсиз, гапда...
Лоик Реми
Реми 2014 йилда "Ливерпуль" футболчисига айланиши кутилаётганди. Аммо қизиллар бу келишувдан воз кечишади. Француз ҳужумчиси эса "Челси"га йўл олади. Ҳозирда 34 ёш бўлган футболчи ўша йили июль ойида "Энфилд"га бориш учун розилик билдирганди. Аммо тиббий кўрикда шифокорлар муаммо аниқлашади. Шу сабаб Ремининг орзуси амалга ошмайди ва "ҚПР" футболчиси бошқа томонга йўналади.
Роберт Левандовски
Ҳозир айтадиган гапимиз ҳақиқатдан йироқ бўлиб туюлиши мумкиндир. Бироқ ўша биз билган Левандовски 2010 йилда "Блекберн" клубига ўтиши мумкин эди. Ўша пайтларда Левандовски унчалик катта номга эга эмас ва ўз юрти жамоаси "Лех Познан" шарафини ҳимоя қиларди. "Роверс" эса бу истеъдодни пайқай олганди. Аммо битим тузилмай қолди. Шундай бўлгани ҳам яхши бўган экан. Негаки, ўша воқеадан атиги икки йил ўтиб, "Блекберн" АПЛда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу ҳақда польшалик ҳужумчи шундай деган эди: "Менда "Блекберн"га ўтиш имконияти бор эди. Ҳатто, у ёққа бориб, жамоа машғулот жараёнини стадиондан кузатгандим. Мен Англияга табиий офат сабаб ўта олмаганман. Бу вулқон отилиши эди. Унинг кули бир ҳафта тутун каби ҳамма жойни қоплаганди ва Европада самолёт билан юриш таъқиқланади. Ҳатто биз Англияга чипта ҳам олиб қўйгандик. Оддий ҳодиса ҳаётимни ўзгартирди. Агар мен "Блекберн"га қўшилганимда, балки ўша ёқда қолиб кетган бўлармидим".
Пауло Дибала
Аргентиналик футболчи 2019 йилнинг ёзида деярли "Тоттенхэм" футболчисига айланаёзганди. Лекин ярим ҳимоячи ҳафтасига 350 минг фунт маош талаб қилганидан кейин битим бузилади. Бу маош ўша пайтда Дибалани АПЛдаги энг кўп маош оладиган футболчи қилиши мумкин эди. Аммо "шпорлар" ҳеч қачон ўтган мавсумда атиги 5 та гол урган ўйинчига бунчалик катта маблағ сарфламаган бўларди. Ана шунақа гаплар...
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси