"Пахтакор" бош мураббийи Питер Хюистра Жиззахдаги ўйиндан сўнг матбуот анжуманида иштирок этди.
"Бугун таркибни аниқлаш борасида қийинчиликка дуч келдик. Миллий термадан жароҳат билан қайтганлар бор эди, ёшлар термасига чақирилган футболчилар бор ва йўқотишларимиз катта бўлгани боис қайдномага ёш футболчилар ҳам киритилди. Бугун ёшлар "Сўғдиёна"га қарши баҳсда яхши ўйнашди деб ўйлайман. Хурсанд қилган жиҳат жуда яхши бўлмаган майдонга қарамай, биз ердан узатмалар бериб, бир неча марта чиройли комбинациялар ташкил қила олдик.
Бугун менга ёқмаган икки жиҳат бўлди. Биринчиси, адашмасам икки тур олдин шу ҳакам Қўқондаги ўйинни бошқариб борганди. Уч турда иккинчи марта бир ҳакамнинг "Пахтакор"нинг сафардаги ўйинига тайинланганини тушунмадим.
Иккинчиси жуда ҳам ёмон майдон. Бу шунчаки ёмон эмас, жуда ва жуда ёмон ҳолатдаги майдон! Ўхшатишимиз қўпол чиқар, аммо Нидерландияда бундай майдонга итларни ҳам сайрга олиб чиқишмайди! Мухлислар биринчи ва иккинчи ўриндаги жамоалар иштирокидаги ўйинда чиройли футбол кўрмадик деб эътироз билдириши мумкин, лекин аввал майдонга боқиш керак. Сифатли футбол нега бўлмаганини майдон айтиб турибди. Майдон бўлмаса ҳеч қачон сифатли футбол ва футболнинг ўсиши бўлмайди! Умид қиламанки, бу борада ишлар амалга ошириб борилади.
"Сўғдиёна" жамоасига кейинги ўйинларда омад тилайман. Улар ҳам ўз вазифаларини бажариш учун курашишмоқда.
Бизнинг олдимизда ҳам учта ўйин бор, чемпионликни қўлга киритиб бўлдик ва энди ёшларга кўпроқ имконият берамиз. Кейинги ўйинларгача жароҳат олганлар сафга қайтишади, бундан ташқари U-23 саралашида иштирок этган футболчиларимиз ҳам таркибимизга қайтишади. Халқаро мусобақалар ёш футболчиларга тажриба мактаби бўлади.
Ҳакамлик умумий даражада ёмон эмас. Ҳозир VAR бор, негадир ҳамма ўйинда ҳам бу иштилмайди. Бугунги ўйинда ҳам VAR бўлганида Матичнинг голи ҳисобга олинган бўларди. VAR ҳар бир ўйинда ишлатилиши керак эди. Ҳакам мухлисларнинг реакциясига боғланиб қолди, мезбон футболчилари майдонга йиқилса мухлислар таъсири остида ҳакам жарима зарбаларини бериб ташлади.
Майдонлар ҳақида ҳам гапирмоқчи эдим, майдонлар Суперлига юзи ҳисобланади. Буни ҳал қилиш керак эди. Ўтган мавсум майдонлар ҳолати яхши эди, аммо бир йил ичида нима бўлди-ки биз охирги пайтларда сафарда фақат ёмон майдонда ўйнаяпмиз. Агар мен ишлаётган клубда шундай майдон бўлганида ўзимни ноқулай ҳис қилган бўлардим. Яхши майдонлар иқтидорли футболчиланинг ўсиб боришига ёрдам беради. Бундай майдонларда ёш футболчилар ўсмайди.
"Турон" мисолида бир гапни айтмоқчиман, улар барча шароитларни яратишган, майдони ҳам ажойиб. Бу жамоа нега кўп очко жамғармаяпти, биласизми? Сабаби улар сафарга боришади ва ёмон майдонда ўйнашади", — деди Хюистра.