23 июль куни «Манчестер Юнайтед» Дортмунднинг «Боруссия» клубининг 21 ёшли вингери Жейдон Санчо трансферини расман эълон қилди, бу харид манкунианликларга 85 миллион еврога тушди. Ўшандан бери инглиз футболчиси «қизил иблислар» сафида барча турнирларда 11 та ўйин ўтказиб, бирорта ҳам гол ура олмаган. Ўтган мавсумда Жейдон «Боруссия»да 38 та ўйинда 36 та самарали ҳаракат қилган бўлсада, АПЛда 517 дақиқада 0 гол ва 0 та голли узатмани амалга оширди.
Нега бу содир бўлмоқда ва яқин келажакда Жейдон Санчодан нимани кутиш мумкин? Бу «Олд Траффорд»да «Ливерпуль»дан 0:5 ҳисобидаги шармандали мағлубиятдан сўнг, жамоанинг кўплаб мухлислари истеъфога чиқишни талаб қилаётган Оле-Гуннар Сульшернинг айбими? Ҳозир эса «Stadion.uz» нашри инглиз футболи оламидаги нуфузли инсонларнинг фикриларини ҳисобга олган ҳолда, бу ҳолатга аниқлик киритади.
Хуллас, манкунианликлар анчадан буён иқтидорли яримҳимоячининг трансфер нархини сўраб келаётган клублардан бири бўлиб, ўтган йилда якуний қарорга келди ва футбболчи билан келишувга эришди. Глейзерлар оиласи жамоадаги кадрлар билан боғлиқ муаммолар туфайли катта миқдорда пул сарфлашга мажбур бўлди, чунки «МЮ» катта ислоҳатларга мухтож эди.
«Манчестер Юнайтед»нинг кўплаб мухлислари Санчонинг собиқ жамоасидаги каби феноменал ўйин кўрсата бошлаган ҳолда, юқори савияда ўйнай олишига умид қилишган. Бироқ, Англия терма жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт учун Санчонинг ҳолати кутилмган натижа эмасдек.
«Жейдон атрофида содир бўлаётган воқеалар мени ҳайратда қолдирмади. Бундеслига бутунлай бошқача чемпионат. «Боруссия Дортмунд» катта клуб, аммо «Манчестер Юнайтед» дунёдаги энг яхши клублардан бири. Бунга мослашиш учун вақт керак, чунки Бундеслига ва Англия Премьер-лигаси икки хил чемпионат. Икки мусобақада эса бир хил даражадаги ўйин кўрсатиш қийин», - дейди Саутгейт.
Кўп жиҳатдан «уч шерлар» устози ҳақ, чунки Германия ва Англия чемпионатларида рақобат даражаси ҳар хил. Агар сўнгги йилларда Бундеслигада «Бавария» тимсолида чемпионлик учун фақат битта асосий даъвогар топилган бўлса ва бошқа клублар вақти-вақти билан бу даражага яқинлашишга харакат қилишса, Премер-лигада даҳшатли таркибга «Манчестер Юнайтед»дан ташқари, бошқа кучлироқ жамоалар ҳам бор - «Манчестер Сити», «Ливерпуль» ва «Челси». Ундан кейин «Катта олтилик» аъзолари «Тоттенхэм» ва «Арсенал»ни ҳам эсдан чиқармаслик лозим.
«Бундеслигада яхши жамоалар бор ва умуман олганда, бу чемпионат ёш иқтидорларни ривожлантириш учун жуда мос келади. Англия лигаси ўйин нуқтаи назаридан кескинроқ, қийинроқ ва Санчо буни эндигина тушуна бошлагандир», - дея қўшимча қилади Саутгейт.
Дортмунднинг «Боруссия» клуби директорлар кенгаши раиси Ханс-Йоахим Вацкенинг фикрича, Санчонинг «Манчестер Юнайтед»даги муаммолари вингер Саутгейтнинг мураббийлик тузилмасида асосий фигура эмаслиги билан бевосита боғлиқ.
«Мен Жейдонни яхши кўраман. Аммо, унинг клубда яхши натижалар кўрсата олмаётгани хафа қилмоқда. Унинг «Манчестер Юнайтед»да қанчалик кам ўйин амалиётига эга бщлмаётгани мени хафа қилмоқда. Менимча, муаммо унинг Англияда асосий ўйинчи эмаслигида», деди Вацке журналистларга.
Ҳозирда «уч шерлар» ҳужум чизиғида жуда кенг танлов имконияти бор. Хусусан, Саутгейт бемалол Маркус Рэшфорд, Рахим Стерлинг, Букайо Сака, Жек Грилиш ва Фил Фоден каби футболчилар бор.
Бироқ, терма жамоада шунча футболчилар бўлса-да, сўнгги йиғинида Саутгейт яхши натижалар кўрсата олмаётган Санчони чақирди.
«Санчо клубдаги сўнгги ўйинлари натижасига кўра терма жамоага чақирувга лойиқ эдими? Балки йўқ. Лекин ўйлайманки, биз Санчога маълум вақт аввалги ўйинини топиб, кейин қайтишни кутишимиз керак. У юқори савияда ўйнашга қодирлигига ишонамиз. Унга яккама-якка суҳбатлашиш учун қўнғироқ қилдим. Мен учун унга «Манчестер Юнайтед»да кечаётган қийин вазиятда ёрдам беришга ҳаракат қилиш муҳим. Баъзан ўйинчилар қандайдир хабар юборишлари керак. Баъзида бу футболчининг терма жамоадан ташқарида қолиши билан боғлиқ бўлади, аммо ҳозирда Санчо биз билан бўлиши керак деган қарорга келдик», - деди Саутгейт.
Халқаро ўйинларнинг сўнгги кунлрида Санчо Англиянинг Андоррага қарши (5:0) ўйинда майдонга тушди ва 72 дақиқани майдонда ўтказди. Саутгейт умуман олганда, ҳақ эди - ёш яримҳимоячи унинг ишончига ижобий муносабатда жавоб қайтарди ва иккита голли узатмани амалга оширди.
Клубда Санчо ҳали керакли ёрдамга эга эмас, чунки ҳозирда Оле-Гуннар Сульшернинг ўзи жуда қийин вазиятда ва унинг келажаги қандай бўлишини билмайди. Норвегиялик мутахассиснинг Санчога ёрдам беришга вақти йўқ, у клубдаги мавқеини сақлаб қолиш учун бутун жамоа ўйинини яхшилаши керак эди.
Гарчи, Жейдоннинг ўзи ҳам ўйинни ўзгартириши, жамоавий ишларга кўпроқ эътибор қаратиши керак. Мисол учун, афсонавий Пол Инс Санчони индивидуал тарзда тўп билан ишдагани учун қаттиқ танқид қилди.
«Тушундимки, Санчо ҳали ҳам ўқувчи, у ҳали ёш. Лекин бу ФИФА эмас! Ҳақиқий ўйинда ҳамма нарса доимий дриблинг ва икки, уч ёки тўртта рақибни ортда қолдиришга асосланмаган. Санчо каби ўйинчилар майдонга тушишса яхши, лекин бу найрангларнинг барчаси хато... Тўғри футбол ўйнанг», - деди Инc.
Балки тажрибали собиқ футболчининг фикрича, Жейдон Санчо «Манчестер Юнайтед»да муваффақият қозониш учун ўзгариши керак. Бироқ, қанот ҳужумчисининг «қизил иблислар»даги сифатли ўйини учун дриблингларини амалга оширишни тўхтатиш керак, дегани ҳам ҳақиқатдан йироқ.
Албатта, Санчога вақт керак. Лекин, вақт керак дегани, уни захира ўриндиғига михлаб қўйиш керак дегани эмас. Шу сабаб, Жейдоннинг ўйинига тезда баҳо бермаслик керак. Вақт келади ва у аввалги ўйинини албатта тиклайди.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.