Анъанамизга мувофиқ, илк марта 24 саҳифада чоп этилган «Стадион» газетасининг янги сони билан таништирамиз.
2-саҳифада Қаҳрамон Аслановнинг мушоҳадага чорловчи «Баҳор ҳавоси» ва «Келинг, келишайлик...» мақолалари ўрин олган.
3-саҳифада Олимхўжа Бўронов ЖЧ-2014 III саралаш босқичлари якунларини сарҳисоб қилиб, IV босқич қуръаси ва унга кўра ўйинларни қай тартибда ўтказишимизни таҳлил қилган.
Ҳусайн Одилхўжаевнинг «Иккинчи таркибдан ФИФАга оташин салом» мақоласида Японияга қарши кечган баҳс таҳлил этилган. 19 ёшгача бўлган қизларимизнинг Осиё чемпионати саралаш босқичида иштирокига бағишланган мақола ҳам шу 4-саҳифадан ўрин олган.
5-саҳифада журналист Бахтиёр Ширинов «Пахтакор»нинг ўнинчи турнири» мақоласида Осиё чемпионлар лигаси тарихига назар ташлаган.
6-7-8-саҳифалар клубларимизнинг Осиё чемпионлар лигасидаги иштирокига бағишланади. Баҳодир Мирзаев 5-саҳифада «Бунёдкор» ва унинг рақиблари, жамоанинг турнирга топширган заявкаси ва бошқа қизиқарлди маълумотлар билан ўртоқлашган бўлса, худди шундай маълумотлар бўйича 6-саҳифа «Насаф»га, 7-саҳифа «Пахтакор»га аталган.
9-саҳифа «Нефтчи» ва унинг ОФК кубогида иштирокига бағишланган. Шу саҳифада футзалга оид маълумотлар, биринчи лига қуръаси ва бошқа хабарларга ўрин берилган.
Ўзбек футболининг 100 йиллигига захира қилинган 10-саҳифамизда Камронбек Чегабоев Мустақиллик даври чемпионатларини таҳлил қилишни бошлади. Илк статистик маълумотлар 1992 йилни тўлиқ қамраб олган.
Ҳамза Ёқубов ва бошқа журналистлар томонидан қўл урилган янги лойиҳа — «Стадион-шоу» деб аталади. 11-саҳифада Улуғбек Раҳматуллаев ва Мурод Ражабовнинг спорт ва футболга оид фикрлари билан танишасиз.
12-саҳифада «Насаф» бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг мавсумолди тайёргарлиги ва жамоанинг режалари хусусида мухбиримиз саволларига берган жавоблари билан танишасиз.
13-саҳифада «Ким аслида ким?» рукни остида бу сафар «Наполи» тўпурари Эдинсон Кавани суратига чизгилар берилган. Муаллиф – Аброр Қодиров.
Жаҳон футболи хабарлари, Уэйн Рунининг ФИФА расмий сайтига берган интервьюси 14-саҳифадан ўрин олган.
15-саҳифада Фаррух Файзиев бу дафъа Европа Лигаси нимчорак финали олдидан ўзига хос превью тайёрлаган.
16-саҳифада Қаҳрамон Асланов тўлиғича Англия Премьер-лигасининг ўтган ҳафтасини таҳлил қилган. Хабарлар, қизиқарли маълумотлар, турнир жадвали ва ҳоказоларнинг барчаси бир саҳифада жамланган.
17-саҳифа эса худди юқоридагидек, Испания Ла-Лигасига ажратилган бўлиб, Шерзод Ражабов томонидан қойилмақом қилиб ҳозирланган.
18-саҳифани Муҳрим Аъзамхўжаев Италия «А» Сериясининг навбатдаги тури якунларига бағишлаган.
19-саҳифани Фирдавс Сайфий Германия Бундеслигасининг ўтган ҳафтасига оид маълумотлар билан тўлдирган.
20-саҳифани тўлиқ Россия Премьер-лигасига ажратиш режамиз бор эди. Бироқ тур ўйинларининг ярмиси бугун ва эртага ўтиши муносабати билан, саҳифанинг қуйи қисмини ўтган ўйинлар таҳлилига бағишлаб, юқори қисмида Ўзбекистон Олий лигасининг биринчи давраси тақвимини жойлаштирдик.
21-саҳифада Европа ва Осиё миллий чемпионатлари сўнгги турлари натижалари, шунингдек, қитъамиз футболига оид хабар билан тўлдирилди.
22-саҳифа жаҳон ва ўзбек спорти янгиликларига бағишланди. Теннис, биатлон, баскетбол, бокс, дзюдо каби спорт турлари бўйича энг сўнгги янгиликлар саҳифамиздан ўрин олган.
23-саҳифада ҳафта превьюси, Эдуард Стрельцов ҳақида машҳурларнинг деганлари, «Сиз ҳакамсиз» викторинаси, қизиқарли маълумотлар ва теледастурлар жойлаштирилган.
24-саҳифани ортиқча таърифлаб ўтирмаймиз. Ўша сиз билган ва ёқтирган эски 16-саҳифангиз шундоқлигича турибди. Рустам Сулаймоновдан яна ичакузи ҳангома борлигини эслатиб қўймоқчимиз, холос.
Хуллас, роппа-роса бир ёшни қаршилаган «Стадион» янгича лойиҳа бўйича тайёрланди ва муаллиф ҳамда журналистларимиз тер тўкиб меҳнат қилишди. Газета сизга ёқади, деган умиддамиз. Доимо биз билан бирга бўлинг!