Жаҳон даражасидаги футболчини етиштиришда ҳар бир йўналишда энг етук мутахассислар иш олиб бориши талаб этилади. Бунга футболи кескин ривож топган Европа қитъаси мисол бўлиши мумкин.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳам мамлакатимизда мураббий, селекционер (скаут), таҳлилчи, ҳакам, маркетолог, психолог ва футбол менежери каби юқори малакали футбол мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Айнан ушбу йўналишларда марказ ташкил этилиб, хорижий ва маҳаллий тажрибали мутахассислар ёрдамида ўзбек футболининг турли соҳаларида фаолият юритадиган етук кадрларни тайёрлаш мақсад қилинган.
8 ноябрь куни Тошкентда “UEFA Assist” дастури доирасидаги курслар бошланди. Семинарни “UEFA Assist” халқаро инструктори, швейтсариялик тажрибали мутахассис Рожер Майхтри олиб бормоқда. Артур Бабаджанов координатор сифатида ишлаяпти. Дарсларда барча ҳудудлардан техник директорлар ва мураббийлар — жаъми 30 нафар қатнашчилар иштирок этмоқда.