Европада, хусусан, Англияда ҳар бир клубнинг ўз мактаби мавжуд. Ундан ҳар йили ёш футболчилар етишиб чиқади. Яъни футбол саноатига ёш ва серғайрат ўйинчилар етиштириб берувчи энг асосий манба клублар академияси ҳисобланади. Нафақат инглиз футболига, балки дунёникига ҳам бир-биридан иқтидорли бўлган чарм тўп усталарини етказиб бераётган клублардан бири бу «Челси»дир. Лондон жамоасида камол топган футболчилар сўнгги мавсумларда ўзининг ёрқин ўйинлари орқали омма эътиборини қозонмоқда. Мана масалан, Рис Жеймсни олсак, у янги мураббий Томас Тухель қўл-остида ушбу мавсум бошидан буён ёрқин ўйин намойиш этмоқда. Ва бу, «кўклар академияси»дан чиққан ягона истиқболли футболчи эмас. Қуйида сизнинг эътиборингизга «Челси» тарбияланувчилари бўлган энг ёрқин бешта футболчини ҳавола этамиз.
Марк Гехи
Ажойиб ва ёш ҳимоячилардан бири! Гехи ёзги трансферлар ойнасида «Кристал Пелас» билан беш йиллик шартнома тузди. Унинг хариди «бургутлар» учун 18 миллион фунтга тушган эди. Англия ёшлар терма жамоаси аъзоси аввалги мавсумлар давомида(18 ой) «Суонси» сафида ажойиб ўйин кўрсатади. 21 ёшли ўйинчи дастлаб, Англия U-17 таркибида Фил Фоден, Каллум Хадсон-Адоилар билан бирга Жаҳон чемпионига айланган эди. Гехи янги мавсумда «Кристал Пелас»нинг ишончи ўйинчиларидан бирига айланди. У бу мавсумда АПЛ доирасида бештадан кўп ўйин ўтказган марказий ҳимоячиларнинг энг ёши сифатида тарихга кирди. Маркнинг бу мавсумдан бошлаб, жамоадоши Ёахим Андерсон билан ҳамкорлиги «Пелас» ҳимоясини мустаҳкамланишини таъминлади.
Хусусан, Гехи «Манчестер Сити»га қарши баҳсда беш маротаба ўзаро курашларга кирган бўлса, барида ютиб чиққанди. Ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари эса, жамоасининг ғалабасини(2-0) ва дарвоза даҳлсизлигини таъминлади.
Рис Жеймс
«Аристократлар» сафида энг яхши спорт формасига эга бўлиб турган футболчилардан бири. Жеймс айниқса, Томас Тухель келганидан кейин, ўзининг асосий таркибдаги ўрнини «цементлади». Англия терма жамоаси аъзоси, аллақачон АПЛнинг бешта ўйинида олтита голда иштирок этишга улгурган. Шунингдек, у «Челси»нинг тўпурарларидан бири бўлиб турибди. 21 ёшли ҳимоячи ҳисобида тўртта гол мавжуд. У бундай натижани ўтган учта мавсумда давомида, «Уиган» ва «Челси»да ҳаракат қилган пайтда қайд эта олганди(яъни учта мавсумда тўртта гол).
Трево Чалоба
Ҳамма учун бирдай «кутилмаган сюрприз» бўлган футболчи. Чалоба ўтган бир мавсумни «Лорьян»да ижарада ўтказиб, яна Лондонга қайтиб келди. Унинг Францияга кетишидан асосий мақсад кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш эди. Томас Тухель интервьюларидан бирида Чалобани ўз режаларининг бир қисми сифатида кўраётгани ҳақида таъкидлайди. Шу сабабдан Чалоба «Челси»дан яна ижарага кетмади. 22 ёшли ҳимоячи мавсумолди ўйинларида, хусусан УЕФА Суперкубогида ўзидан яхши таассурот қолдирган эди(гол урган). Трево янги мавсумда АПЛ баҳсларининг бештасида майдонга туширилди ва иккита голга муаллифлик қилди. Айтиш мумкинки, унинг ҳаракатлари «Вест Хэм»га сотиб юборилган Курт Зуманинг йўқлигини билдирмаяпти. Бу эса, келажак учун яхши сигнал.
Конор Галлахер
Мавсум кашфиётилигига номзод футболчи. Ўтган мавсумни «Вест Бром» билан якунлаган Галлахер, ёзда ҳамшаҳар жамоа – «Кирстал Пелас»га яна бир мавсумга ижарага бериб юборилди. Аммо у кутилмаганда «чақнади». Футболчи янги мавсумни Патрик Виейра қўл-остида фантастик тарзда бошлади ва давом эттирмоқда. Унинг яқиндагина Англия терма жамоасига чақирилгани ҳам фикримизни исботлайди. Галлахер ҳисобида ҳозиргача 4та гол ва 2та ассист мавжуд. Ҳужумкор ярим ҳимоячининг , айниқса амалдаги чемпион «Ман Сити» дарвозасига киритган голи, барчани ҳайратда қолдирган эди.
Валентино Ливраменто
Эффектив таъсирга эга мудофаачи. Ёзда Ливраментонинг «Саутгемптон»га ижарага ўтганини эшитиб, айрим «Со'тон» мухлислари ҳайрон бўлишган эди. Бироқ, ҳозирда айнан ёш ҳимоячининг жамоа мудофаасига таъсири энг ижобий жиҳат сифатида эътироф этилмоқда. У бу мавсумда АПЛда 500 дақиқадан кўпроқ майдонда ҳаракат қилган Гехидан ёшроқ бӯлган ягона ҳимоячидир. Ливраменто ҳозиргача ўз жамоасининг ҳар бир учрашувида майдонга туширилган. Унинг ҳисобида ҳозирга қадар битта гол ва битта ассист мавжуд. Валентино, шунингдек, Англия U-21 аъзоси ҳисобланади.
Мана, «Челси» академияси «маҳсулот»ларининг энг сифатлилари ҳақида фикр юритдик. Уларнинг бунданда ёрқин ўйинлари ҳали олдинда. Ўйлаймизки, амалдаги Европа чемпионлари келажакка шу каби истеъдод эгаларини тақдим этишда давом этади...
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси