Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

"Яна битта гол"

Баҳо:
+8 | -

Қизиқ. Учала жамоамизнинг ўйинида ҳам тезкор гол киритилди. Ҳеч бирида биз ижобий натижага эриша олмадик. Ростдан ҳам, мураббийларимизда ўйинга нисбатан режа ёки стратегия йўқмикин ?..

Ҳар бир мағлубиятга сабаб топса бўлади. У гол бўлмай қолди, бу гол бўлиб қолди, режалар ўзгариб кетди ва ҳоказо. Аммо ҳар учала жамоамиз ютқазгач, албатта, умумий сабаблар қидиришга мойиллик сезади одам. Нега энди, "Аделаида"нинг голи Қосимов режаларини ўзгартириб юборар экан-у, худди шундай тезкор гол "Насаф" рақибларини синдирмайди? Нега "Пахтакор"нинг гол ўтказиши уларга фойда келтириши мумкин, деган Мурод Ризаевнинг устидан куламиз-у, ҳақиқатан ҳам "Ал-Жазийра" "Насаф"нинг тажовузкорлигидан фойлаланади? Қандайдир қарама-қаршилик эмасми?

"Насаф"нинг бугунги ўйини кечаги клубларимиздан кўра кучлироқ чиққанига гувоҳман. Натижани бир четга олсак, "Насаф" Осиё чемпионлар Лигасида бемалол тўп сура олиш салоҳиятига эга экан. Аммо натижани бир четга олиб қўя оламизми? Албатта, йўқ. Мана шу ерда мағлубият сабаби Рўзиқул Бердиев айтганидек, соддагина – "сен урмасанг, сенга уришади", деган мақол остига яширинмаганини, аслида муаммо янада чуқурроқ эканини сезиб қоламиз.

Хўш?

Бир мақоламда "Насаф"ни "Наполи"га ҳам ўхшатиб юборгандим. "Насаф"ни ҳам, "Наполи"ни ҳам анчадан бери танийман. Яхшигина футбол муҳитига ва иштиёққа эга бўлган ва етакчи жамоаларни қийнаб келадиган клублар бўлган. Алоҳида ўйинда бу жамоадан ҳар нимани кутиш мумкин. Айнан шу хислати туфайли кўпчилик ёқтиради. Лекин қачонки амбициялар бироз оширилса ва энди, савия ҳисобига ғалаба қозониш, ёмон ўйнаб туриб ҳам очко олиш мумкин бўлганда, бу жамоаларннинг "риски"ошиб бораверади.

Шу жиҳатдан, "Насаф"да бугун ғалаба қозониш учун иккита вариант бор эди. Биринчиси, катта иштиёқ (ахир ўзига хос дебют) эвазига, тажовузкор ўйин кўрсатиб, рақибни янчиб ташлаш. Иккинчиси, керакли натижа йўлида совуққонликни сақлаган ҳолда, қ(Қ)аршида "Демпо" эмас, БАА жамоаси эканини унутмаслик.

Биринчи услуб билан керакли гол урилгач, иккинчи услубга ўтиш орқали, стратегик очколарга эга бўлиш учун "Насаф"да куч ҳам, потенциал ҳам етарли эди. Айнан мана шу жиҳатдан бугунги мағлубият кечагилардан кўра оғирроқ ботди. Мураббийнинг тажрибасизлиги панд берди. Балки мен осон жавоб излаётгандирман, мана, қаршимда тайёр гўшт – тажрибасиз мураббий. Ахир Демьяненко бўлганида ҳам шундай бўлиши мумкин эди-ку?

Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмасди. Икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олган клуб, гол уриш учун яна олдинга ташланиши ва оқибатда тўртта гол ўтказиб юбориши – бу ортиқча. Агар Шомуродов яна иккита гол урганида, бу гапларга асос бўлмасди, дейишингиз мумкин. Лекин "ура олмасачи" деган саволни ўзимиз келтириб чиқардик, шундай эмасми? Керак бўлса, ўйин темпини тушириш, керак бўлса тўпни ўз майдонида назорат қилиб туриш талаб этилади. Юз мингта мухлис олдинга бошлаб турмайдими, мураббий ва футболчилар ўйинга нисбатан совуққон ёндошишлари ва керак бўлса, ўйинни ўлдириб бўлса ҳам, ҳисобни сақлаб туришга ҳаракат қилса бўларди. Рақиб – "Барса" ёки "Реал" эмас экан, демак, "Насаф"дан буни талаб қилишга ҳаққим бор. Чунки бу уларнинг қўлидан келадиган иш эди. "Насаф" эса худди плей-оффда майдонга тушгандек, худди "тарсакилаш" учун ёш бола топиб олгандек олдинга ташланаверди. Ахир бу ОЧЛ-ку?  

Ўйинни томоша қилиб ўтириб, "Насаф"нинг рақибидан нақадар кучли экани ҳақида фикр хаёлимга ҳам келмади. "Насаф" тактик жиҳатдан ютқазаётганини ҳис қилдим негадир. Қандайдир кино кўргандим. Икки қиличбоз ўзаро уришишади. Бири икки-уч марта рақибининг қиличини ерга тушириб юборади. Ғалабага деярли яқин келади. Лекин ҳар сафар рақибининг қилични ердан олиши учун шароит яратиб бераверади. Охири рақибга ҳам устунлик келади. У аяб ўтирмайди. ғалаба қозонади.

Мухлисларимиздан ўйин пайтида "яна битта гол" деб, футболчиларимизни олдинга бошламасликларини тилаб қолардим. Бечора клубларимиз шунчалик ғарибки, бошқа режа йўқлигидан, айтганингизни қилишга мажбур бўлиб қолишмоқда...

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 22:04, 07.03.2012.
Ўқилди: 12381 марта.
Фикрлар: 126 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.