2021 йилги Про лиганинг сўнгги 24-тури доирасидаги «Динамо» - «Нефтчи» учрашуви билан Самарқандда чемпионат баҳсларига якун ясалди. Ўйин олдидан байрамона концерт дастури ўтказилиб, санъаткорлар чиқиш қилишди.
Суперлига йўлланмасини муддатдан аввал ҳал этган Самарқанд ва Фарғона клублари ўртасидаги баҳсда турнир жадвалига таъсир этадиган интрига бўлмаса-да, жамоалар фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушганликларини илк дақиқалардан кўрсатишди.
31-дақиқада Темурбек Исмоиловнинг жарима майдонига ёриб кириши ва ажойиб узатмасини Шокир Йўлдошев голга айлантирган бўлса, меҳмонлар иккинчи бўлимда Сардор Абдунабиевнинг голи эвазига жавоб голини киритишди – 1:1.
Ўйин якунига қадар Ҳаким Фузайлов шогирдлари ғалабани илиб кетиш учун бир қатор вазиятларга эга бўлишса-да, омад кулиб боқмади. Шунга қарамай, дуранг натижа Самарқанддаги байрамони муҳитга таъсир қила олмади.
Ўйиндан кейин Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича ўринбосари Ботир Нуруллаев сўзга чиқиб, «Динамо»нинг Суперлига йўлланма олгани билан барчани табриклаб, Ўзбекистон чемпионати ўйинларини расман ёпиқ деб эълон қилди.
Давлат мадҳияси янграганидан сўнг, вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Ўткирович, вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев, Самарқанд вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Сервер Османов ва «Динамо» жамоаси бошлиғи Учқун Қобилов Суперлига йўлланмаси қўлга киритилгани муносабати билан бир қатор фаол ва жонкуяр мухлислар ва фахрийларга эсдалик совғаларни улашишди.
«Динамо» клуби матбуот хизматининг кўп йиллик анъанасига кўра, жамоанинг 2021 йилдаги энг яхши футболчисини аниқлаш учун ўтказилган сўровнома якунларига биноан, Шоҳрух Абдураҳмонов «Динамо»нинг 2021 йилдаги энг яхши футболчиси деб эълон қилинди. Йил лауреатини Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Нуруллаев тақдирлади ва «Динамо» 2022 йилги Суперлига баҳсларида ҳам муносиб иштирок этишини бутун Самарқанд аҳли кутиб қолишини билдирди.
Про лига. 24-тур
21 ноябр, якшанба
«Динамо» - «Нефтчи» 1:1
Голлар: Шокир Йўлдошев (31) - Сардор Абдунабиев (68)
«Динамо»: Аслонбек Аҳроров, Обид Жўрабоев, Жасур Ҳасанов, Муҳаммадқодир Ҳамралиев, Ғолибжон Сарибоев, Темурбек Исломов (Ислом Шарипов, 55), Шокир Йўлдошев, Шоҳрух Абдураҳмонов, Ҳумоюн Шербўтаев, Сирож Мелиев (Темур Усмонов, 46), Рўзимбой Аҳмедов.
«Нефтчи»: Шуҳратилло Раҳмонов, Шодиёр Ҳожиматов, Собит Синдоров (Достон Тошматов, 65), Шерзод Каримов, Абдуллоҳ Олимов, Аъзамжон Алиев, Умар Адҳамзода, Тоҳиржон Шамсиддинов, Дарко Станоевич, Ойбек Қиличев, Улуғбек Ҳошимов (Сардор Абдунабиев, 65).