Бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг тавсиясига биноан, ЎФА координатори, футбол майдонлари бўйича мутахассис Учқун Қувонов “Навбаҳор” қароргоҳига ташриф буюриб, жамоамиз ўз уй учрашувларини ўтказадиган “Марказий” ўйингоҳ майдони ва “Навбаҳор”нинг ёшлар, фарм, аёллар ҳамда U-18 жамоалари ўз ўйинларини ўтказадиган захира майдони майсалари сифатини кўздан кечирди.
Учқун Қувонов ҳар икки майдон сифатига юқори баҳо бериб, водий сафари давомида бунгача Фарғонадаги “Истиқлол” (“Нефтчи” жамоаси уй учрашувларини ўтказадиган стадион), Қўқондаги “Марказий” (“Қўқон-1912” уй стадиони), Яйпандаги “Ўзбекистон” (“Турон“ уй стадиони) ҳамда Андижондаги “Бобур-арена” (“Андижон” уй стадиони) стадионлари сифатини текширганлиги, “Навбаҳор” уй учрашувларини ўтказадиган “Марказий” ўйингоҳ стадиони майдони сифати бўйича юртимиздаги энг зўрларидан бири эканлигини эътироф этиб, албатта, бунда Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, шунингдек, клуб раҳбарияти, “Марказий” ўйингоҳ раҳбарияти ҳамда ишчи-ходимларининг улкан меҳнатлари самараси ётганлиги, шундай руҳда меҳнат қилишда давом этишлари лозимлигини таъкидлади.