ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳудудлардаги футбол оммавийлигини ошириш, болалар-ўсмирлар футболини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келажакдаги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида Андижон ва Наманган вилоятларига ташриф буюрди.
Ташриф аввалида Равшан Эрматов Андижон вилоятдаги академияда ёшлар учун яратиб берилаётган шароитлар билан яқиндан танишди. Масъуллар билан бўлган суҳбатда болалар учун майдонларни сифатли ҳолатга келтириш, иншоотларнинг ётоқхона ва ошхоналарини замон талабларига мос равишда жиҳозлаш, шунингдек, Европа академиялари каби барча талабларга жавоб берадиган шароитларни ташкиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Шундан кейин болалар-ўсмирлар мактабининг фаолияти, инфратузилмаси ва мавжуд шарт-шароитлари кўздан кечирилди. Вилоят миқёсида болалар футболининг инфраструктураси юзасидан фикр алмашилди.
“Мамлакат футболининг эртаси айнан бугунги ёшларнинг қандай тарбияланишлари, камол топишлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли болаларимизнинг келажагимиздаги ўрнини ҳис этган ҳолда уларнинг муаммоларига, тўқнаш келадиган қийинчиликларига амалий ва илмий-таҳлилий кўмак бериш ҳар биримизнинг масъулиятли вазифамиз ҳисобланади” деди Равшан Эрматов.
Учрашув давомида келажакда Андижондан кўплаб истеъдодли футболчилар етишиб чиқиши учун вилоятдаги футбол маҳорати мактабларининг фаолиятини тизимли ва халқаро стандартлар асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Футбол мактабларида тарбияланаётган болалар нафақат жисмонан, балки маънан ҳам етук бўлиши, уларнинг таълим олиши ва китоб ўқиши зарур эканлиги айтилди.
Ёш футболчилар билан ўтказилган мулоқотда Тожикистонда ўтказилган CAFA U-15 турнири борасида фикр алмашилди. Ёшлар, айниқса, болалар улкан натижалар учун катта меҳнат, интизом ва сабр қилишлари кераклиги айтилди. Шунингдек, уларга тенгдошлари каби терма жамоалар йиғинларига жалб этилишлари учун ҳаракат ва тиришқоқлик зарур эканлиги таъкидланди.