Мюнхеннинг “Бавария” клуби мухлислари клуб президенти Герберт Хайнернинг Қатар компанияси билан ҳамкорликни давом эттириш қарорига салбий муносабат билдиришди.
Яқинда ўтказилган йиғилишда Хайнер “Бавария”нинг Qatar Airways билан ҳомийлик шартномалари бузилмаслигини айтган ва янги битимга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган эди.
Шундан сўнг клуб мухлислари раҳбариятга “Бавария”нинг асоси бизмиз, сен эмас”, “Биз сени кўришни истамаймиз”, “Ҳайнер Оут” деб бақира бошлашди.
Аввалроқ, клуб бошқаруви аъзоларидан бири Майкл Отт жамоага ҳомийлик шартномаларини қайта кўриб чиқиш учун овоз бериш йўлини таклиф қилган эди. Унинг ва мухлисларнинг фикрича, Қатарда давом этаётган ҳаракатлар ва у ердаги инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари клуб обрўсига салбий таъсир кўрсатади. Бироқ унинг бу борадаги таклифи рад этилган.
Учрашувда Отт, агар натижалар қонуний кучга эга бўлмаса ҳам, ушбу мавзу бўйича сўровнома ўтказиш яхши бўлишини айтди.
“15-20 дақиқалик нутқ тайёрладим. Мен Қатардаги барча муаммолар ва ушбу давлат билан ҳомийлик шартномасини тузиш нотўғри эканлиги ҳақида гапирмоқчи эдим.
Барча экспертларнинг айтишича, агар сиз бу мамлакатда бирор нарсани ўзгартирмоқчи бўлсангиз, бу фақат жамоатчилик босими остида амалга ошиши мумкин. Бироқ бу “Бавария” ҳеч қачон қилишни истамайдиган нарса”, - деди Отт.