"Барселона" ва "Манчестер Сити" собиқ футболчиси Яя Туре чоршанба кунги "Тоттенхэм" машғулотларида пайдо бўлган.
38 ёшли собиқ футболчи “шпорлар” академиясида мураббийлик тажрибасини орттирмоқда, деб ёзади "Football London".
Кот-д'Ивуарлик мутахассис ҳозирда Лондонда истиқомат қилади ва УЕФАнинг А тоифали мураббийлик лицензиясини олишга ҳаракат қилмоқда. У "Тоттенхэм" академияси менежери Дин Растрик ва бош мураббий Крис Пауэлл билан яқиндан ҳамкорлик қилади.
"Independent" нашрининг аниқлик киритишича, Туре ҳафтада бир неча кунни клубда ўтказади. Унинг асосий жамоа машғулотларига бевосита алоқаси бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, Туре футболчилик фаолиятини 2020 йилда якунлаб, Украинанинг “Олимпик” (Донецк) клуби ва Россиянинг “Ахмат” жамоасида мураббийлик лавозимларида ишлаган.