Бугун устоз шарҳловчи Мирзаҳаким ака Тўхтамирзаевнинг бир интервьюcини кўриб ўтириб муҳим фактни айтганлари эътиборимни тортди ва ўша даврни эслашга мажбур этди.
2014 йил, апрель ойи Европа Чемпионлар лигаси яримфинал жавоб ўйинлари ўтказиладиган кунлар. Биринчи кунги яримфинални Мирзаҳаким ака ва Мурод ака шарҳлашди. Эртасига иккинчисини раҳматли Давлат ака ва мен шарҳлашимиз керак эди. Шарҳлай олмадик. Трансляция бекор қилинди, бутунлай тўхтатилди. Нафақат Европа, балки бошқа лигалар ҳам эфирдан олиб ташланди.
Демак, шу кун, яъни 2014 йил 30 апрелдан Ўзбекистонда лицензиясиз трансляциялар бутунлай тугатилди. Ундан аввал Лигалар ва йирик компаниялар бу масалага унчалик эътибор қаратмасди, телеканаллар эса мухлислар манфаати йўлида чемпионатларни лицензиясиз намойиш этарди. Бошқа томонини ўйламасдик ҳам.
Тан олиш керак соҳамиз учун уёғига анча қийин давр бўлди. Ўзимиз кўниккан ва мазза қилиб шарҳлаган жаҳон футболисиз қолганимиз, уни устига даромад камайгани етмаганидек, мухлислар томонидан қаттиқ босим бўлган. Орадан мана 7 йил ўтибди, спорт трансляциялари тўлиқ тикланди. Энди ҳаммаси расмий. Бир неча телеканаллар мухлислар хоҳлаган барча чемпионатларни кўрсатмоқда.
Шукур. 2014 йил 30 апрелга ўхшаш кунлар эса бошқа қайтмасин.
Даврон Файзиев.