Хабарингиз бор, шу йил 7-17 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бунгача пойтахтимизда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати, катталар ўртасида Осиё чемпионати, Ислом бирдамлик ўйинлари каби йирик мусобақалар ўтказилган, бироқ Тошкент катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатидек нуфузли мусобақага мезбонлик қилмаганди. Эътиборли жиҳати, бу янги Олимпиада циклидаги биринчи жаҳон чемпионати ҳисобланади. Шу боис унда янги номлар ва янги истеъдодлар кашф этилиши эҳтимолдан холи эмас.
Бугун пойтахтимиздаги «Юнусобод» спорт мажмуасида жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Халқаро оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Жалуд, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, терма жамоамиз бош мураббийи Баҳром Мендибоев ҳамда маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб Ш.Маҳмудов мусобақа олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан илк маротаба Тошкент катталар ўртасидаги дунё биринчилигини қабул қилмоқда. Мусобақада 90га яқин мамлакатдан 500 нафарга яқин спортчи иштирок этиши кутиляпти. Ўз навбатида Туризм ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва бошқа ҳамкор ташкилотларга ташкилий ишлардаги ёрдами учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Мусобақада ўз давлатидаги карантин талаблари сабаб Хитой ва яна бир қатор мамлакатлар иштирок эта олмайдиган бўлди. Бироқ, бу мусобақа нуфузига ҳеч қандай салбий таъсир ўтказмайди. Чунки бу жаҳон чемпионати ва унда дунёнинг энг кучли давлатларидан энг кучли спортчилар иштирок этишади».
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Б.Мендибоев эса атлетларимизнинг бўлажак мусобақага тайёргарлиги борасида тўхталиб ўтди:
«Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларидан сўнг қисқа муддатга танаффус қилдик ва дарҳол жаҳон чемпионатига ҳозирликни бошлаб юбордик. Ўқув-машғулот йиғинларини дастлаб Чирчиқдаги базамизда бошладик, сўнгра Туркияда, кейин Украинада йиғин ташкил қилдик. Ҳозирда барча спортчиларимиз мусобақага шай. Мусобақада йигитларимиздан 10 нафар, қизларимиздан эса 4 нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилишади».
Матбуот анжуманида Халқаро оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Жалуд ҳам ташкилотчилик масалаларига юқори баҳо берди:
«Ўзбекистон доимо ҳар қандай мусобақани юқори савияда ташкил этиб келган. Бугун ҳам катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати юқори савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунда Ўзбекистон ҳукуматига, Туризм ва спорт вазирлиги ва МОҚга Халқаро оғир атлетика федерацияси номидан ташаккур билдирамиз. Қувонарлиси, ҳамон дунёда пандемик вазият ҳукм сураётган бўлишига қарамай биз барча мусобақаларни ўз вақтида ва юқори савияда ташкил этдик. Қолаверса, Токио-2020 Олимпиадаси ва ундан кейин ҳам ҳеч қайси мусобақада атлетларимизда допинг чиқмади. Бу спортимизнинг ҳалол рақобат сари муҳим қадам ташлаётганини билдиради».
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилги жаҳон чемпионати Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилган, бир йилдан кейин дунёнинг энг яхши атлетлари Таиланднинг Паттайя шаҳрида жам бўлишган эди. 2021 йилги жаҳон биринчилиги Перунинг Лима шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо, Перудаги пандемия ва карантин чоралари сабаб, бундан 3 ой олдин Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) турнирни Тошкентга ишониб топширди. Мусобақа доирасида 20-21 декабрь кунлари пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Халқаро оғир атлетика федерациясининг Конгресси ҳам ўтказилади.
Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини қуйидаги спортчиларимиз ҳимоя қилишади:
Аёллар:
-49 кг: Зуҳра Отажонова,
-55 кг: Жамила Панфилова,
-71 кг: Кумушхон Файзуллаева,
-87 кг: Турсуной Жабборова.
Эркаклар:
-67 кг: Адҳамжон Эргашев, Достон Ёқубов,
-81 кг: Муҳаммадқодир Тоштемиров,
-89 кг: Отахон Имомов, Сарварбек Зафаржонов,
-96 кг: Ҳожиакбар Олимов, Қурбонмурод Намозов,
-109 кг: Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев.
+109 кг: Мирҳосил Мирзабоев.