Биласиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси ОФК талаблари асосида мусобақалар ўтказиш жараёнини босқичма-босқич такомиллаштириб келмоқда. Жумладан, 2021 йилги мавсумда U-18 чемпионати илк бор катта масштабда ўтказилди, шунингдек, U-16 ҳамда U-14 мусобақалари ҳам ортда қолаётган йилда ўзгача тарзда ташкил этилди.
2020 йилга қадар ОФК лицензиялаш жараёнидан фақатгина Суперлига клублари ўтган бўлса, 2021 йилга келиб Про лига жамоалари ҳам ОФК лицензияси учун потенциал даъвогарга айланди. ЎзПФЛ бу орқали Суперлига ва Про лига клублари олдига қўйилаётган талабларни тенглаштирган ҳолда, Про лига клублари савиясини инфратузилма жиҳатидан Суперлигага яқинлаштириш йўлидан бормоқда. 2022 йилга келиб эса Биринчи лига клублари ҳам мазкур жараёнда ихтиёрий равишда иштирок этиши мумкин бўлади. Бу ҳолат келажакда Про лига ва Суперлига клублари сонининг ошишига хизмат қилади.
Айни вақтда Суперлига ва Про лига ўртасидаги ягона фарқ U-21 жамоасининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги бўлиб турибди. ЎзПФЛ 2022 йилги мавсумдан бошлаб мазкур масалага ҳам алоҳида эътибор қаратишни режалаштирмоқда. Яъни, эндиликда Про лига клублари қошида ҳам U-21 жамоаларининг ташкил этилиши босқичига ўтиш – асосий вазифа бўлади.
Маълумки, футболи ривожланган мамлакатларнинг U-21, U-23 каби чемпионатлари асосий таркибникидан алоҳида тарзда ташкил этилади. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси айнан шу масалада клублар билан U-21 чемпионатини алоҳида ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Унга кўра, Суперлиганинг барча ҳамда Про лиганинг давлат корхоналари томонидан молиялаштирилаётган футбол клублари U-21 жамоасига эга бўлиши шарт этиб белгиланади. Про лигада иштирок этаётган хусусий клублар эса ихтиёрий равишда U-21 чемпионатига қўшилиш имкониятига эга бўлади. Мазкур ҳолат бизга U-18 чемпионати каби икки лига вакилларини умумий жамлаган алоҳида мусобақа ташкил этиш имкониятини яратади. Бу эса ўз навбатида ўзини кўрсатиш ниятида бўлган қатор ёш футболчиларга қўшимча ўринлар ташкил қилиш имконини беради.
Маълумки, U-21 чемпионатининг асосий таркиб жамоаларидан бир кун аввал ёки бир кун кейин майдонга тушиши, ўринбосарлар лигасига бўлган эътиборга ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Яъни, барчанинг диққат эътибори барибир асосий таркиб жамоасида бўлади. Ҳатто бош мураббийлар ҳам U-21 чемпионатини кузатиш фонида ўз жамоасининг ўйинолди машғулотларида иштирок этаётган бўлади. U-21 чемпионатининг алоҳида ва умумий ташкил этилиши эса мазкур ёш тоифасидаги жамоаларга бўлган эътиборни тубдан ўзгартириш имконини беради.
ЎзПФЛ айни пайтда бу борада футбол клублари билан маслаҳатлашув олиб бориб, уларнинг фикрларини ўрганмоқда.