Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

ЕЧЛ. Қуръадан кейинги тахминлар (2-қисм)

Баҳо:
+ | -

Кеча Европадаги энг нуфузли мусобақанинг нимчорак финал босқичига қуръа ташланди. Ушбу қуръа жараёни ким учундир кўплаб кутилган ва одатий жуфтликларни аниқлаб берган бўлса, бошқалар учун умуман ғайритабиий тўқнашувларни юзага келтирди. Биз ҳам бу жараёндан сўнг жим ўтиргимиз келмади ва барча жуфтликлар ҳақида фикр юритишга ҳаракат қилдик.

“Атлетико Мадрид“ – “Манчестер Юнайтед“ : Роналду яна Мадридга қайтади

Инсон нимадан кўпроқ қўрқса, ҳаёт уни шунга юзлаштираверади. Диего Симеоне Роналду деган футболчидан қанчалар жабр кўрганини фақат ўзи билади. Бу сафар Роналду “Манчестер Юнайтед“ билан Мадридга ташриф буюради. Бу учрашувда инглизлар таркиби ҳар қанча юлдузли бўлмасин, яққол фаворитни ажратиб кўрсатиш мушкул. Сабаби “Атлетико“ аталмиш жамоа майдонда доим “жанг“ ташкиллаштириш билан машғул бўлади. Бу асабийликда эса одатда, юлдузлар кўп хатоларга йўл қўяди. Мана шу хатолардан унумли фойдаланиш Симеоне ва унинг шогирдлари қўлида. Февралгача нималар бўлажагини биз билмаймиз, бироқ ҳозир бу икки клубнинг кейинги босқичга чиқиш учун имкониятлари тенгдек кўринмоқда.

Ушбу баҳс 2022 йил 23 февраль санасига белгиланган. Дастлабки баҳс Испанияда бўлиб ўтади.

“Вильярреал“ – “Ювентус“ : Тенг кучлилар жангги

Услуб томонлама бир-бирига ўхшаб кетадиган икки клуб қарама-қаршилиги. Бир қарашда “Ювентус“ни кейинги босқичга чиқди дейиш мумкин. Бироқ ҳозир “Юве“ у даражада қудратли эмас. Жамоа ҳозир оғир дамларни бошдан ўтказмоқда. Чемпионат доирасидаги учрашувларда ҳам “зебралар“ анча қийналмоқда. Буни футболни тушунадиганлар кўриб, билиб туришибди. Тўғри, февралгача ҳали 2 ой бор. Унгача Италия гиганти ўзини тиклаб олиши мумкин. Шунга қарамай, “Вильярреал“ “кекса синьора“ учун енгил рақиб бўлиб қолмайди. Биринчидан, клуб ўтган йили Европа Лигасини қўлга киритган. Бу ҳазилакам нарса эмас ҳозирда. Иккинчидан, “сариқ субмарина“ чемпионатда ҳам секин-асталик билан юқорига кўтарилмоқда. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, биз учун ким кейинги босқичга чиқмасин, ҳеч қанақасига ажабланарли ҳол бўлмайди. Зеро, икки томон ҳам чорак финал учун муносиб.

Илк ўйин 2022 йил 22 февраль санасига белгиланган. Дастлабки баҳс Испанияда бўлиб ўтади.

“Интер“ – “Ливерпуль“ : “Нерадзуррилар“ “қизиллар“ тўсиғидан ўта оладими?

Италия чемпионлари жиддий рақиб синовидан ўтиши керак бўлмоқда. Ҳозирги ҳолатда “Ливерпуль“ дунёнинг энг кучли 3 клубидан бири. АПЛда ҳам даҳшатли тезлик олган. Энди ЧЛда нималар қилганини алоҳида таъкидлаш шарт бўлмаса керак. Агар айтиш шарт бўлса, унда эслатиб ўтамиз. Мерсисайдликлар “ўлим гуруҳи“да 100 фоизлик натижа билан плей-офф масаласини ҳал қилди. Шунчаки фантастика, тўғрими?!

Бироқ бу “Интер“ учун янгилик эмас. “Нерадзуррилар“ шу пайтгача не-не кучли рақибларга дуч келмади дейсиз?! Шунингдек, итальян клубининг қайд этаётган натижалари ҳам чакки эмас. А Серияда етакчиликни қўлига олган, Еврокубокда эса фақат “Реал Мадрид“дан ортда қолди.

Хуллас, бизни Миланда ҳам, Ливерпульда ҳам қизиқарли баҳс кутиб турибди.

Биринчи учрашув 2022 йил 16 февраль санасига белгиланган. Дастлабки баҳс Италияда бўлиб ўтади.


ПСЖ – “Реал Мадрид“ : Эски танишлар учрашуви

Нимчорак финалнинг безаги бўлиши кутилаётган “юлдузлар жангги“. Мадриднинг оқ томони учун афсонавий сардор бўлиб қолувчи Серхио Рамос яна “Сантиаго Бернабеу“га қайтади. Фақат энди бошқа жамоа сафида. Унгача Рамос жароҳатдан фориғ бўла олса кифоя. Рамос билан бир ҳолатда дея Кейлор Навас, Ашраф Хакими, Анхель Ди Марияларни кўрсатишимиз мумкин. Шунингдек, Лионель Месси ва Неймар жуфтлиги яна азалий рақибларига қарши майдонга тушади.

Икки жамоанинг имкониятлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада деярли тенглик дея оламиз. Индивидуаллик борасида Париж клуби устунроқ. Бироқ яққол устун дея олмаймиз. Чунки Мадрид клуби сафида ҳам Винисиус, Модрич ва Бензема каби фигуралар мавжуд. Худди шундай жамоавий футболда испан жамоаси кучлироқ. Аммо Почеттино ПСЖнинг “хазина“га элтувчи “калит“ини топа олгани йўқ. Ваҳоланки, францияликлар жамоавий ҳаракатлари билан ўтган йили қудратли “Бавария“ни мусобақадан чиқариб юборганди. Ҳа, ўшанда ҳам жамоа мураббийи Почеттино эди. Лекин шу ўйиндан кейин Маурисио жамоавий футбол ташкиллашриришда анча қийналмоқда.

Шундай экан, иккала томоннинг ҳам ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор. Муҳими устун бўлган жиҳатлардан унумли фойдаланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш. Ким шуни яхшироқ уддалай олса, ўша ғолиблар сафида бўлади.

Илк ўйин 2022 йил 15 февраль санасига белгиланган. Дастлабки баҳс Францияда бўлиб ўтади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 19:00, 14.12.2021.
Ўқилди: 6400 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.