«Манчестер Юнайтед»нинг чап қанот ҳимоячиси Алекс Теллес ватандоши Фреднинг ўйинларидан мамнун. У бразилиялик ўйинчининг кўпчилик илғамаган хусусиятларига тўхталди.
Фред якшанба куни «Кристал Пелас» дарвозасига ягона ғалаба голини урди. Шунингдек, у «қизил иблислар»нинг Чемпионлар лигаси плей-оффидаги «Вильярреал» устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишида ҳам муҳим ролни ўйнади.
«Англияда Фред каби ўйинчиларни одатда «ўртамиёна ҳимоячилар» деб аташади. Бу арзимаган таъриф, айниқса Фред учун. Шу каби бўлар-бўлмас гаплар ва ноўрин танқидлар футболчига баъзида анча салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мен Фредни аввалдан бери яхши биламан. У камтар ва меҳнаткаш йигит. Менимча, жамоа ривожи учун у қўлидан келган барча ишни қиляпти.
Аммо Теллеснинг таъкидлашича, Бразилияда бундай турдаги ўйинчиларга кўпроқ ҳурмат билан қарашади ва ҳатто улар учун ўзига хос исм ҳам ўйлаб топилган:
«Бразилияда Фред каби ўйинчиларни «мотор» деб аташади», - дейди 28 ёшли ҳимоячи. Улар жамоани ҳаракатга келтирувчи муҳим кучлар, вазиятни чуқур ўйлашади ва асосий эътиборини тўпни жамоага қайтаришга қаратишади. Ўйлайманки, у «Вильярреал»га қарши ўйиндаги ғалабада асосий ролни ўйнади - Фред бизга тўпни қайтарганидан сўнг биз иккита гол урдик. Унинг жамоа учун қанчалик муҳимлигини биламиз ва мен у учун жуда хурсандман. Фред каби ўйинчилар «МЮ» учун жуда муҳим».
«Албатта, мен унга нисбатан фақат тўғри муносабатда бўлганман. Фред менинг майдон ташқарисидаги энг яхши дўстим. Майдонда ҳам Фред жамоадаги асосий ролни ўйнашига аминман. Менга шундай фазилатларга эга футболчилар ёқади, у жамоа учун кўп югуради. У нафақат ўзининг майдондаги позицияси ҳақида ўйлайди, балки бошқа ўйинчиларнинг уйғунлигини ҳам ҳисобга олади ва ҳар доим турли позицияларни қамраб олган ҳолда ақлли югуришни билади».
Теллеснинг ўзи эса сўнгги пайтлар бошидан жароҳат олган Люк Шоунинг ўрнини муваффақиятли эгаллади ва «Юнайтед»нинг сўнгги тўртта ўйинини асосий таркибда бошлади.
«Барқарорлик сенинг ўсишингга кўп ёрдам беради, мен ўз ҳаракатларимдан мамнунман», деб тан олди у. - Лекин ҳар доим яхшиланиши мумкин бўлган нарса мавжуд. Мен ўзимга нисбатан жуда талабчанман ва ҳар бир машғулот ва ҳар бир ўйинда бундан ҳам яхши ривожланишим мумкинлигини тушуниб етганман.
Барчамиз биламизки, «Манчестер Юнайтед»да буюк футболчилар ўйнайди ва агар кимдир майдонда муттасил ҳаракат қиляптими, демак у бунга лойиқ. Мен қаттиқ меҳнат қиляпман ва ўз имкониятимни кутмоқдаман. «Юнайтед» либосида майдонга тушган ўйинчи клуб логотипи нимани англатишини идрок этиши зарур», — дейди Теллес.