Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Америкалашаётган АПЛ. АҚШ компанияси “Лидс”ни сотиболмоқчи

Баҳо:
+ | -

Сўнгги пайтларда инглиз клублари бозорда жуда чаққон. Октябрь ойида Саудия Арабистони инвестиция фонди “Ньюкасл”ни сотиб олди. Ноябрь ойида чехиялик миллиардер Даниэль Кретински “Вест Хэм”нинг 27 фоиз акциясини сотиб олди. Кейинги ўриндан “Лидс” жой олди. Бу бой тарихга ва катта мухлислар армиясига эга клуб. “Оқлар” жамоанинг ўйинидан қатъи назар, доимо мухлислар эътиборида. Шунингдек, мураббий Марсело Бьелсанинг ҳам фигураси бор.

 

“Лидс”нинг асосий акциядори италиялик тадбиркор Андреа Радриццани ҳисобланади. У спорт, технология ва медиа лойиҳаларига сармоя киритувчи “Aser Venture” компанияси бошқаруви раиси ҳисобланади. 2017 йил бошида Радриццани “Лидс”нинг 50 фоизини бошқа италиялик Массимо Челлинодан сотиб олди. Челлино ҳозирда “Брешия” эгаси ҳисобланади. Ўша йилнинг май ойида Андреа клубни ўша пайтда 18 ойга футбол фаолиятидан четлаштирилган ҳамюртидан сотиб олди.

 

“Лидс”ни сотиб олиш Радриццанига 45 миллион фунт стерлингга тушди. Бироқ италиялик узоқ вақт давомида “оқлар”нинг ягона эгаси бўлмади. 2018 йилда у Американинг “49ers Enterprises” компаниясига 10% улушини сотди. Томонлар бир нечта битимлар туздилар ва ҳозирда “49ers Enterprises” инглиз клубининг 44% акцияларига эгалик қилади. Сўнгги янгиликларга кўра, 2024 йилга бориб америкаликлар “Лидс”нинг тўла ҳуқуқли эгаларига айланиши мумкин.

 

“49ers Enterprises” - АҚШда жуда машҳур компания. Унинг штаб-квартираси Калифорния штатининг Сан-Франсиско шаҳрида жойлашган. Шунингдек, у ерда “Apple”, “Google” ва “Facebook” каби бошқа таниқли компанияларнинг бош офислари мавжуд. “49ers Enterprises” компанияси қурилиш магнати Эдвард Дебартолонинг қизи Денис Дебартоло-Йоркка тегишли. Аёл ҳозир 71 ёшда. 1977 йилдан бери унинг оиласи НФЛнинг “Сан-Франциско Форти Найнерс” клубига эгалик қилади. Денис клубни 2001 йилдан бери бошқариб келади. “Сан-Франциско Форти Найнерс” нархи 3,5 миллиард долларга, Дебартоло оиласининг бойлиги эса 4 миллиард долларга баҳоланган.

 

“Aser Venture” ва “49ers Enterprises” бир мунча вақтдан бери ҳамкор бўлиб, шунга ўхшаш лойиҳаларга сармоя киритмоқда. “The Athletic” нашри хабарига кўра, декабрь ойида томонлар 2024 йилга бориб америкаликлар “Лидс”ни Радриццанидан 400 миллион фунт стерлингга тўлиқ сотиб олишига келишиб олишган. Бироқ, бу вақтга келиб, клуб қайси даражада ривожланишига қараб, келишув суммаси 475 миллионга кўтарилган бўлиши ҳам мумкин. Ҳозирча “оқлар”нинг ишлари яхши юришмаяпти. Жамоа нисбатан заиф натижалар кўрсатмоқда ва қуйи лигага тушиб кетиш зонасига яқин турибди. Шунга қарамай, “Aser Venture” ва “49ers Enterprises” компаниялари “Лидс”ни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этиш ниятида.

 

Радриццани ижтимоий тармоқларда “The Athletic” нашрининг “49ers Enterprises” билан “Лидс”ни сотиш бўйича келишувига жавоб берди. Италиялик юқоридагиларнинг моҳиятини инкор этмади. Шу билан бирга, у 2024 йилгача ҳали кўп нарса ўзгариши мумкинлигини таъкидлади. Тадбиркор ўша вақтга қадар келишувни бекор қилиши мумкинлигини ҳам аниқ айтди. Бироқ, ҳозир Радриццани бундан хавотирда эмас. У ўзининг сўнгги чиқишларидан бирида Америка компанияси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ҳақида маълум қилди. Бу “Лидс”га ҳам, умуман бизнесга ҳам тегишли.

 

Молиявий эксперт Киран Магуайрнинг фикрича, “49ers Enterprises” компаниясининг келиши клубнинг иқтисодий самарадорлигини оширади. “Лидс” телерадиокомпаниялардан энг кўп пул оладиган клублар қаторига кирмайди. Шунинг учун улар қўшимча даромад манбаларини излашлари керак. Стадионни кенгайтириш ҳам яхши фикр.

Қанот ҳимоячиси Крисенсио Саммервил яқинда берган интервьюсида “товуслар” ҳар бир уй ўйинига барча чипталарни сотишини айтди. Магуайрнинг фикрига кўра, “Лидс”ни ўсиши клубни тижорат ҳамкорлари учун янада жозибадор қилади.

 

“49ers Enterprises” бошчилигидаги “оқлар”нинг спорт нуқтаи назаридан ривожланиши қандай бўлиши бошқа савол. Бир томондан, Дебартоло қўл остида “Форти Найнерс” беш марта чемпионликни қўлга киритди. Бу “Даллас Ковбойз” билан бирга лигадаги иккинчи энг яхшиси натижадир. Бошқа томондан, “Форти Найнерс” сўнгги 7 йил ичида икки марта НФЛ финалида ўйнаган, аммо улар 1995 йилда охирги Супер Боулни қўлга киритишган.

Мухлислар ҳаддан ташқари талабчан бўлган Европада ва қўшимчасига Премьер-лигада улар учун вазият қандай кечишини айтиш қийин. “Манчестер Юнайтед”, “Арсенал” ва “Ливерпуль” каби жамоаларда ҳам америкалик бойларнинг акциялари бор, лекин фақат мерсисайдликлар яхши бошқарувга эга жамоа. Агар “49ers Enterprises”да фақатгина пул бўлса, ёмон. Чунки, футболни ҳам севиш керак. Англияда эса бусиз йўл йўқ.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 15:15, 15.12.2021.
Ўқилди: 1956 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.