Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Тахтга қайтаётган “қироллик клуби“

Баҳо:
+ | -

Охирги йилларда испан футболи катта ва жиддий ўзгаришларга юз тутди. Айниқса, грандлар учун сўнгги йиллар анча оғриқли бўлди. Роналдунинг Испанияни тарк этиши “буқалар юрти“ футболида инқилоб қилиш учун илк сабаб бўлди дейишимиз мумкин. Шундан сўнг, ЕЧЛнинг 13 карра ғолиблари жуда кўп ислоҳотларга қўл урди. Жамоада ёшлар ва академияга бўлган эътибор кучайди. Жамоа раҳбарияти йирик харидлар амалга ошириш учун ҳар қандай трансферларга пул сарфлашдан тийилди ва ҳозир шу олиб борилган ислоҳотлар ўта самарали бўлгани яққол кўзга ташланмоқда. Мадрид суперклуби яна аввалги қудратини тиклаб бормоқда. Ҳозир биз айнан мана шу ҳақида батафсил сўз юритишга қарор қилдик.

Папа Карло эффекти

Карло Анчелотти охирги йиларда худди Жозе Моуриньо сингари мураббийлик фаолиятидаги натижалари бироз орқага кетаётганди. Аммо ёзда у учун яна бир имкон пайдо бўлди. Зидандан айрилган “Реал Мадрид“ клуби ЗиЗунинг ўрнига унинг устозини олиб келишни лозим топди. Клуб президенти Флорентино Переснинг фикрича, Анчелоттининг тажрибаси “Реал“нинг келажакдаги жамоаси учун жуда мос тушади. Бундан ташқари, “қироллик клуби“ охирги йилларда жуда кам гол ураётганди. 1:0 ҳисоби Мадрид жамоаси учун одатий ҳолга айланиб қолганди. Анчелотти эса буни тўғирлаши керак эди ва қайсидир маънода тўғирлай олди ҳам.

Карло ота ҳозирда “Реал Мадрид“ мураббийлари орасида ғалаба кўрсаткичи юқорилиги бўйича 75% билан биринчи ўринда турибди. Шунингдек, жорий мавсум очко тўплаш бўйича Ла Лигада мадридликларнинг учинчи энг яхши кўрсаткичини қайд этмоқда. Қўшимчасига, айни дамда “қаймоқранглилар“ 21 ўйинда 51та гол урди. Таққослаш учун, ўтган мавсум 52 баҳсда 88та гол урилган эди. Агар италиялик мутахассис жамоани шу темпда бошқаришда давом этса, Топ-5 чемпионатларнинг барчасида чемпион бўлган илк мураббийга айланиши мумкин. Аввал Анчелотти “Реал“ билан Ла Лигани юта олмаганди. Кўрамиз, итальян бу мавсумда бунинг уддасидан чиқа олармикан!?

Бензема & Винисиус дуэти

Бу икки футболчи ҳозирги кунда “бланкос“ учун ажралмас қисмларга айланиб бормоқда. Айни пайтда, бу икковлон гол+ассист тизимида 43 очко тўплаб улгурди. Бензема 2 йилдан буён “Реал“ аталмиш механизмни олдинга “тортаётган“ бўлса, Винини шу мавсум бош мураббий Анчелотти супер юлдузга айлантирди.

Карим ўтган мавсум якунларига кўра, “Олтин тўп“га лойиқ футболчилар рўйхатида 4-ўринни эгаллади. Бу унинг “Олтин тўп“да энг яхши кўрсаткичи ҳисобланади. Агар француз Мадриднинг оқ томони билан соврин ютганида эди, балки шу “Олтин тўп“ни ҳам қўлга киритармиди!? Бироқ ҳали ҳам ҳужумчи учун кеч эмас. Бензема кейинги йил “France Football“ берадиган олий мукофотни қўлга киритиши мумкин. Бунинг учун у нима қилиш кераклигини жуда яхши билади (яъни клуби билан требл қайд этиши керак. Тўғри, сал ғалати туюлиши мумкин. Лекин ҳозирги “Реал Мадрид“ барча совринларни юта оладигандек туюлмоқда). Виниcиус ҳам франциялик ҳамкасби каби клуб муваффақияти учун қўлидан келадиган ҳар қандай ишни қилишга тайёр.

Кузатайликчи, бу жуфтлик шу тарзда қаергача бора олишар экан? Ҳар ҳолда, охирги ўйинларидаги натижалар уларнинг “иштаҳаси карнай“ эканлигидан далолат бермоқда.

Тажрибали КМК триоси

Бу учликдек тажрибали ярим ҳимоячилар ҳозирда Европанинг ҳеч қайси топ жамоасида мавжуд эмас. Уларнинг ёши ўтиб бораётган бўлса-да, ҳали ҳамон топ даражасини йўқотмаган. Бу футболчилар“қироллик клуби“нинг таянчлари саналмиш Каземиро, Модрич ва Кроос, албатта. Юқоридаги шахсларсиз “Реал“ ҳозирги даражасига эришиши анча қийин бўларди.

Бу учала маэстро бу мавсум биргаликда 10та ўйинни асосий таркибда бошлашди. Бу ўйинларда “қаймоқранглилар“ 10 марта ғалаба қозонди, 25та гол урди ва 5 маротаба ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди. Ажойиб натижа, шундай эмасми?

Эслатиб ўтиш лозим, айни пайтда уларга ўринбосар сифатида Вальверде, Камавинга, Бланко ва Иско каби иқтидорли футболчилар захирада ўтирибди.

Барқарор ҳимоя

Рамос ва Варан кетганидан сўнг кўпчилик мадридликларнинг ҳимоя чизиғи сочилиб кетади, деган фикрда эди. Мавсум бошида шундай ҳам бўлиб кўринаётганди. Бироқ Милитао ва Алаба тезда “тил топишиб“ кетишди ва ҳозир уларнинг кўрсатаётган ўйини Рамос ҳамда Вараннинг йўқлигини билинтирмаяпти. Қайд этиш лозим, жамоа 3 учрашувдан буён гол ўтказмаяпти.

Куртуа ҳам бу мавсумни ажойиб ўтказётганини таъкидламасдан илож йўқ. Дастлабки келган мавсумидаги “қовун тушираверадиган“ Куртуадан энди асар ҳам қолмаган.

 ******

Юқорида ёзилганлардан ташқари, “бланкос“нинг 2022 йил учун режалари ақлбовар қилмас даражада даҳшатли. Флорентино Перес жаноблари Мадридда “галактикос“ни қайта қурмоқчи. Ҳужум чизиғида Мбаппе, Холанд ва Винисиус триосини йиғишни ният қилган Перес катта лойиҳани амалга ошириш пайида. Бундан кўриниб турибдики, Европа “қирол“лари яна ўз жойига қайтиш орзусида. Мадрид томонларда мисоли бир аждарҳо уйғонмоқда, азизлар.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 20:30, 15.12.2021.
Ўқилди: 9161 марта.
Фикрлар: 103 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.