Тошкентда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида бугун 109 кг. вазнгача бўлган эркаклар иштирок этишяпти. Ҳозиргина даст кўтариш машқлари якунланди.
"А" гуруҳида 11 нафар рўйхатга олинган бўлиб, улардан 8 нафари иштирокларини эрта якунлашди. Улар орасида энг яхши натижа 179 кг. бўлди. Шундан сўнг ғолибликка даъвогарлар — Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев ва арманистонлик Симон Мартиросян баҳсларга киришишди.
Дастлаб Руслан 185 кг. тош учун буюртма берди. Аммо унинг биринчи уриниши муваффақиятсиз чиқди. Ҳамюртимиз иккинчи уринишда бу вазнни ўзига бўйсундирди.
Шундан сўнг Акбар Жўраев 187 кг. тошни илк уринишда боши узра баланд кўтарган бўлса, Мартиросян 188 кг.ни ўзига бўйсундирди. Нурудинов эса учинчи уринишда 189 кг.ни кўтардию, аммо ҳакамларнинг икки нафари уринишни муваффақиятсиз дея ҳисоблади. Мураббийларимиз томонидан берилган "челленж" ҳам наф бермади.
Акбар иккинчи уринишда 192 кг.ни ҳам муваффақиятли кўтарди ва пешқадамга айланди. Арман спортчиси 193 кг.га буютма берди ва уни кўтарди. Аммо ҳакамлар унинг уринишига "қизил" тугмачани босишди. У ҳам "челленж" берди, аммо муваффақиятга эришмади.
Акбар Жўраев учинчи уринишга 195 кг. буюртма бериб, уни қийинчилик билан бўлса-да ўзига бўйсундирди. Симон 196 кг. учун сўнгги уринишга чиқиб, уни кўтара олмади.
Шу тариқа, Жўраев даст кўтаришда олтин (195 кг.), Мартиросян кумуш (188 кг.) ва Нурудинов бронза (185 кг.) медалларига эга бўлди.
Акбар икки кураш бўйича Мартиросяндан 7 кило олдинга ўтиб олди. Ҳозирда спортчилар силтаб кўтариш машқларида иштирок этишяпти.