Тошкентда оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида бугун 109 кг. вазнгача бўлган эркаклар баҳсларда иштирок этишди. Бироз аввал даст кўтариш машқларида Акбар Жўраев олтин медални қўлга киритгани ҳақида хабар бериб ўтгандик.
Ҳозиргина силтаб кўтариш машқлари ҳам якунланди. "А" гуруҳида 11 нафар рўйхатга олинган бўлиб, улардан 8 нафари, даст кўтаришда бўлгани каби, ўз иштирокларини эрта якунлашди. Шундан сўнг ғолибликка даъвогарлар — Руслан Нурудинов, Акбар Жўраев ва арманистонлик Симон Мартиросян баҳсларга киришишди.
Дастлаб Акбар Жўраев 226 кг. вазнга буюртма берди ва уни ўзига осонлик билан бўйсундирди. Нурудинов эса ўз иштирокини 227 кг. билан бошлади ва тошни муаммосиз кўтарди. Арманистонлик Симон эса илк уринишда 228 кг. тошни муваффақиятли кўтарди.
Иккинчи уринишларини Жўраев бошлаб берди ва у 232 кг.ни кўтара олди. Шундан сўнг Руслан ва Мартиросян буюртмалари орасида тактик кураш бошланди. Натижада ҳамюртимиз 236 кг.га яқинлашди ва уни боши узра баланд кўтарди. Арман полвони 237 кг.га буюртма бериб, ўзининг сўнгги икки уринишида кўтара олмади.
Натижада сўнгги уринишлар олдидан ҳар икки ватандошимиз икки кураш якуни бўйича силтаб кўтаришда арманистонлик спортчини ортда қолдириб улгуришди. Жўраев 238 кг.га буюртма бериб, ўзининг шахсий рекордини янгиламоқчи бўлди ҳамда бу ишни муваффақиятли уддалади.
Нурудинов олдида иккита йўл бор эди: ё силтаб кўтаришда олтин медални қўлга киритиш (239 кг. билан) ёки ўзига тегишли жаҳон рекордини янгилашга уриниш. Руслан иккинчи вариантни танлади ва 242 кг.га буюртма берди. Аммо унга бироз омад етишмади.
Натижада Акбар Жўраев ЖЧда 3та олтин медални қўлга киритган бўлса, Нуридинов "даст"даги бронзадан сўнг ўз ҳисобига 2та "кумуш" ёзиб қўйди. Мартиросян эса "кумуш+бронза+бронза" билан ўз юртига қайтадиган бўлди.
Оғир атлетика бўйича ЖЧ.
Эркаклар, 109 кг.
1. Акбар Жўраев — 195 кг. + 238 кг. = 433 кг.
2. Руслан Нурудинов — 185 кг. + 236 кг. = 421 кг.
3. Симон Мартиросян — 188 кг. + 228 кг. = 416 кг.