"Пахтакор" ҳамда ўзбек клубларининг халқаро учрашувларда БАА жамоаларига қарши ўйинлардаги статистикаси ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
«Банияс» ҳозирга қадар Осиё клублари мусобақаларида иштирок этмаган. Табиийки, ўзбек клубларига қарши майдонга тушмаган. «Пахтакор» эса 8 марта БАА жамоалари билан беллашган ва уларнинг 7тасида ғалаба қозониб, фақат биргина учрашувда дурангга рози бўлган. «Ал Аҳли» билан 2002 йил «плей-офф»да учрашган «шерлар» 3:2 ва 1:0 ҳисобларида кучли эканликларини исботлашган. «Ал Ваҳда» билан эса 2004 йил чорак финалда майдонга чиқилган. Ўшанда меҳмонда 1:1 натижаси қайд этилган. Тошкентда клубимиз 4:0 ҳисобида рақибни тор-мор келтирган. Кейинчалик гуруҳ баҳсларида “Ал Аҳли” 2:1 ҳамда 2:0, “Ал Айн” 1:0 ва 3:2 ҳисобларида мағлубиятга учратилган. Голлар уриш бўйича “шерлар” БАА жамоаларидан умумий 17:6 кўрсаткичи билан устунликка эга.
Ўзбекистон ва БАА клублари тўқнашувларига эътибор қаратадиган бўлсак, 21 беллашувнинг 13тасида вакилларимиз зафар қучишган. Тўрттадан ўйинда дуранг ва мағлубият кузатилган. Тўплар нисбати 40:25ни ташкил қилиб турибди. Ҳозирги пайтгача БАА жамоаларига “Нефтчи”, “Машъал”, “Бунёдкор” ва “Насаф” имкониятни бой берган. Фарғоналиклар “Ал Аҳли”га 0:3, “Машъал” “Ал Айн”га 1:2, “Бунёдкор” “Ал Ваҳда”га 0:2 ҳамда “Насаф” “Ал Жазира”га 2:4 ҳисобида ютқазиб қўйган. Қаршиликлар илк бор амирликлар вакилига ютқазган ўзбек жамоасига айланишди. “Пахтакор” эса БАА жамоалари билан ижобий натижага эришишдек ёқимли анъанасини давом эттиришга уриниб кўради.
Эслатиб ўтамиз, учрашув сешанба куни "Жар" стадионида соат 17:30да бошланади. Ўйин расмийлари билан танишиб олинг.
«В» гуруҳи, 2-тур
«ПАХТАКОР» (Ўзбекистон) - «БАНИЯС» (БАА)
Бош ҳакам: Мёнг Йонг Чои (Жанубий Корея).
Ён қанот ҳакамлари: Пёнг-Йон Янг, Жанг-Мин Ли (иккиси ҳам - Жанубий Корея).
Тўртинчи ҳакам: Дэ-Йонг Ким (Жанубий Корея).
Комиссар: Носир Ҳамдон ар-Риёмий (Уммон).
Инспектор: Исмоил Иброҳим Сафирий (Эрон).