Шу кунларда Осиё карате федерацияси (АКФ) президенти, генерал-маёр Нассер Абдулразак Ал Разуки бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Бугун куннинг иккинчи ярмида фахрий меҳмон бошчилигидаги делегация аъзолари Туризм ва спорт вазирлигига ташриф буюришди. Уларни бу ерда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов кутиб олди.
Шунингдек, икки томонлама музокараларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Осиё карате федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон карате федерацияси раиси Аламжон Муллаев ва бошқалар иштирок этишди.
Учрашувда А.Абдуҳакимов сўнгги йилларда юртимизда карате спорт турини тобора оммалаштиришга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик борасида тўхталиб, бунга жавобан ўзбекистонлик спортчилар халқаро майдонларда ўз сўзларини айтишаётганлигини таъкидлади. Жумладан, яқинда БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Достон Отаболаевнинг ғалаба қозонгани ва бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк олтин медал сифатида тарихга киргани мамлакатимизда карате спорти ривожида сезиларли ютуқларга эришилганидан дарак беришини эътироф этди.
Ўз навбатида жаноб Нассер Абдулразак Ал Разуки юртимизда спорт соҳасига, хусусан карате спортини ривожлантиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётганидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон тажрибасини қитъамизнинг бошқа мамлакатларида оммалаштиришни таклиф қилди. Шу билан бирга, меҳмондўстлик ва самимий қабул учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, фахрий меҳмон ташриф доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ҳам бўлади. Унда олийгоҳ билан БАА ҳамда Ўзбекистон карате федерациялари ўртасида уч томонлама меморандум имзоланади. Унга мувофиқ, Осиё карате федерацияси Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг карате бўлимида татами ва спорт жиҳозларини тақдим этиши кўзда тутилган.