Ўзбекистон чемпиони «Бунёдкор» ва Япониянинг «Гамба Осака» жамоалари ўртасидаги Тошкентдаги ўйинни ёритиш учун япониялик журналистлар келади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда.
Шу вақтгача ўзбек клублари бирор марта ҳам япон жамоаларига қарши майдонга тушмаган. 3 апрель куни Осака шаҳрида бўлиб ўтадиган «Гамба Осака»га қарши учрашувдан сўнг Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби япон клуби билан баҳс олиб борган, шунингдек, Японияда тўп сурган илк ўзбек жамоасига айланади.
2008 йилги ОЧЛ чемпиони «Гамба» ҳамда «Бунёдкор» ўртасидаги қарама-қаршиликнинг жавоб ҳам ўзига хос тарихий аҳамиятга эга: япон клуби илк бора Ўзбекистонда меҳмон бўлади. Шу сабаб бу ўйинга бўлган қизиқиш нафақат Ўзбекистонда, балки Япониянинг ўзида ҳам катта. Бундан ташқари, «Гамба Осака» гуруҳ босқичининг дастлабки икки учрашувида имкониятни бой бергани сабаб, нафақат Осакадаги, балки Ўзбекистондаги ўйин ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Ушбу учрашувни ёритиш учун Япониядан тўрт нафар журналист ва икки нафар фотомухбир келиши кутилмоқда.
Улар орасида Япониянинг «Kyodo News» ахборот агентлиги вакиллари – Харухико Кобаяши ва Иори Сагисава (фотомухбир), тонгги тиражи 8 миллионга яқин бўлган «Асахи Шимбун» газетаси мухбири Кен Фужики, «SANKEI Sports» газетаси вакили Хори Кейсуки ва «J’S Goal» интернет-нашри вакиласи Миса Такамуралар бор. Тошичиро Араки «Jiji Press» агентлиги фотомухбири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ОЧЛ «E» гуруҳи 4-туридан ўрин олган «Бунёдкор» – «Гамба Осака» учрашуви 18 апрель куни бўлиб ўтади.