«Манчестер Сити» аллақачон чемпионга айландими?; «Челси»нинг «комбек»и, Лукаку билан жанжал; «Арсенал» кучли учликка даъвогар бўлиши мумкин. Премьер-лиганинг 21-тури натижалари.
Англия Премьер-лигасининг 21-тури кўплаб ёрқин дақиқалари билан ёдда қолди. «Манчестер Сити»нинг «Арсенал» устидан қозонган ғалабасидан тортиб, «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи сифатида Ральф Рангникнинг биринчи мағлубиятигача.
2022 йил ҳисобидан Премьер-лига биринчи даврасида бор-йўғи 2 та ўйин қолдирилди, шунинг учун бу тур якунда қизғин ва ниҳоятда ҳаяжонли бўлиб чиқди, аслида ҳам АПЛ мана шундай бўлиши керак!
Қуйида ўтган тур воқеаларига қисқача тўхталамиз.
«Арсенал» — «Ман Сити»
Ушбу тур олдидан содир бўлган асосий воқеалардан бири: Лондоннинг «Арсенал» клуби бош мураббийи Микель Артета коронавирусга чалиниб, янги йилнинг илк ўйинида жамоасига ёрдам бера олмаганида бўлди. «Арсенал» ўз майдонида турнир пешқадамини қабул қилди. «Пепнинг Сити»си бу мавсум дарҳақиқат қўрқинчли тус олган бўлиб, бўлажак ўйинда ғалаба қозониши аниқдек кўринарди.
«Арсенал» гарчи эски ҳолатига қайтаётган бўлса ҳам катта армия олдида кучсиздек баҳоланди. Аммо «канонирлар»нинг «шаҳарликлар» учун тайёрлаган «совғаси» Гвардиоланинг узоқ вақт давомида эсида қолса ажаб эмас. Дастлаб, Букаё Сака 31-дақиқада гол уриб, «Арсенал»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Асосий воқеалар иккинчи бўлимда содир бўлди. Бир вазиятда Гранит Жака жарима майдончаси ичида рақибига нисбатан қўполлик ишлатди, ҳакам эса у ерда пенальти йўқлигига ишора қилди, лекин ВАРни кўриб, нуқтани кўрсатишга қарор қилди.
Рияд Маҳрез ўн бир метрлик нуқтадан унумли фойдаланди - 1:1. Пенальти тепилишидан олдин «канонирлар» ҳимоячиси Габриел ҳакамга қарата ортиқча гапиргани учун сариқ карточка олди ва 2 дақиқадан сўнг майдон марказида қўполлик ишлатиб, иккинчи карточкасини олгани ҳисобига, майдонни тарк этишига тўғри келди. Қўшимча вақтда тажрибали футболчилар барибир катта саҳнага чиқди. Родри рақибларининг хатоларидан унумли фойдаланиб, ҳисобни жамоаси фойдасига келтириб қўйди. Ўйиндан сўнг Пеп Гвардиола интервью бериб, бу баҳсда «Арсенал» кучлироқ ўйнаганини, унинг футболчилари мезбонлардан бироз омадлироқ эканини алоҳида таъкидлади.
«Ливерпуль» - «Челси».
Ушбу баҳс «кўклар» чинакам характер кўрсатган энг кучли ўйинлардан бири сифатида ёдда қолди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Лукаку билан бўлиб ўтган воқеалардан сўнг жамоада қандайдир ички можаро авж олгани, футболчилар ўртасидаги кайфият кескинлашгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бироқ «Ливерпул»га қарши ўйин бунинг аксини кўрсатди. Томас Тухель бельгиялик ҳужумчи билан суҳбатлашиб олган. «Ливерпул»га қарши ўйинда Лукаку жамоа кенгайтирилган таркибига киритилмади.
Учрашувда Садио Мане тезкор гол уриб, меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 20 дақиқадан сўнг Муҳаммад Салоҳ ҳисобни ишончли кўринишга келтириб қўйди. Бироқ биринчи бўлим сўнггида «Челси» ақл бовар қилмас ишларни амалга оширди. Аввалига Матео Ковачич 42-дақиқада, Кристиан Пулишич эса биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда гол уриб, кутилмаганда мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Америкалик футболчи жамоасига ғалаба умидларини қайтарди.
Бироқ иккинчи бўлим ҳар иккала клубнинг ҳам самарасиз ҳаракатлари билан зерикарли тус олди. Юзага келтирилган бир қанча хавфли вазиятларга қарамай вазият бошқа ўзгармади. Бош ҳакамнинг финал ҳуштаги янграгандан сўнг ҳар икки клуб футболчиларининг юзларида ғамгинлик кўринарди. Албатта, уларнинг ҳар иккиси ҳам ғалабага ҳақли эдилар ва ўйиндан бундан ҳам кўпроқ нарсани кутишгани табиий. Ушбу дурангдан сўнг лондонликлар «Ливерпул»дан бор-йўғи бир очко илгарилаб турибди. «Сити»га эса етиб олишнинг ҳали бери иложи йўқ - фарқ 10 очкога етган, аммо олдинда ҳали ярим мавсум бор. Кейинчалик Лукаку барча мухлислардан узр сўраб, жамоа билан машғулотларни давом эттирганини маълум қилди, бу ҳақда жамоа бош мураббийи Томас Тухель ҳам ишонч билан гапириб ўтди.
«Манчестер Юнайтед» — «Вулверхемптон»
Ушбу тур доирасида «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Вулверхемптон»га ютқазиб қўйди. Бу Ральф Рангникнинг «қизил иблислар» бош мураббийи сифатидаги қабул қилиб олган илк мағлубияти. Мезбонлар бутун ўйин давомида қўлдан келганича курашишди, аммо Жоау Моутиньонинг ягона голи МЮнинг барча саъй-ҳаракатларини йўққа чиқарди. Ўзи умуман, «МЮ»нинг ўйинида Бруно Фернандеш майдонга чиққунга қадар айтарли қизиқ ҳеч нарса содир бўлмади.
Унинг бир қанча зарбалари дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Яна бир вазиятда эса Роналдунинг голи офсайддан инобатга олинмади. Унга тўпни айнан Бруно Фернандеш ошириб бергани алоҳида эътиборга молик. Учрашув барибир «Вулверхемптон»нинг ғалабаси билан якунланди. «Бўрилар» 1980 йилдан бери биринчи марта «Олд Траффорд»да ғалаба қозонишни уддалади.
«Тоттенхэм» — «Уотфорд»
Шунингдек, 21-турнинг энг қизғин баҳсларидан бири «Тоттенхэм» иштирокида кечди. Конте жамоаси секин-аста ўз мураббийини таниб бормоқда. «Уотфорд»га қарши баҳсда лондонликлар сўнгги дақиқаларда ғалабани тортиб олишди. «Шпорлар» айни дам қийин даврни бошдан ўтказишмоқда, футболчилар орасида коронавирус тарқалиши сабабли жамоа бир муддат карантинда эди. Устига устак, конференциялар лигасидаги ўйинлардан биридаги мағлубият.
Ўйиннинг ўзига тўхталадиган бўлсак, мезбонларга фақат ғалаба зарур бўларди. «Уотфорд» эса барчага маълум, қуйи лигага тушиб кетмаслик учун ҳаракат қилмоқда. «Тоттенхэм» учун кучли тўртлик сари курашиш ҳали ҳам долзарб масала ҳисобланади. Бутун баҳс давомида жамоа жуда ҳам кўплаб хавфли вазиятларни яратди, уюштирилган ҳар бир ҳужум кескин тус олди. Учрашув охирига келиб, «Уотфорд» дуранг учун ўйнай бошлади, аммо «Тоттенхэм»нинг бошқа режалари ҳам бор эдики, бу жамоа таслим бўлиб қолмади.
96-дақиқада Сон жарима зарбасидан тўпни узатган маҳал у Санчесга етиб борди. Колумбиялик футболчи эса бош билан зарба йўллашда адашмади ва жамоасига муҳим бўлган уч очкони келтирди. «Шпорлар» айни дам турнир жадвалида 6-ўринда бормоқда, бешинчи ўриндан фақат бир очко ортдалар, кучли тўртликка кириш учун эса 2 очко етмаяпти холос. Аммо кейинги тур «Тоттенхэм»ни «Арсенал»га қарши дерби кутиб турибди. Бу кўплаб нарсаларга ойдинлик киритиб бериши шубҳасиз.