Ортда қолган 2021 йил ҳам мамлакат спорти учун энг сермаҳсул йиллардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди. Қуйида тарих зарварақларига муҳрланган 2021 йилнинг энг муҳим воқеликларига эътибор қаратамиз.
Ўтган йили Олимпия, ноолимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатлари, кубоклари ва бошқа мусобақаларда қамраб олинган иштирокчилар сони 53 153 нафарни ташкил этди. Бу кўрсаткич жорий йилда янада ортиши ҳамда 56 995 нафарга етиши кутилмоқда.
Халқаро спорт тадбирларидаги иштирокчиларнинг сони якунига етган йилда 2 167 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда жами 2 450 нафар спортчи жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2021 йил давомида спортчиларимиз томонидан халқаро спорт мусобақаларида қўлга киритилган медальлар сони 629 тани ташкил этди. Шундан 146таси олтин, 178таси кумуш ҳамда 305таси броньза медалларидир.
2021 йилда Ўзбекистонда 35та нуфузли халқаро спорт мусобақалари ўтказилди. Жумладан, мамлакатимиз ортда қолган йилда 10та жаҳон чемпионати, 4та жаҳон кубоги, 16та Осиё чемпионати, 5та халқаро турнирга мезбонлик қилган бўлса, 2022 йилда Ўзбекистонда жами 37та нуфузли халқаро спорт мусобақаси, хусусан 12та жаҳон чемпионати, 2та жаҳон кубоги, 20та Осиё чемпионати ва 5та халқаро турнирни қабул қилиши режалаштирилган.
Жорий йилдан бошлаб Паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақалари Олимпия спорт турлари бўйича бўлиб ўтадиган Республика спорт мусобақалари билан биргаликда ўтказилади. 2022 йилда Паралимпия спорт турлари бўйича 44та Республика спорт мусобақалари, 11та жаҳон чемпионати ва кубоклари ҳамда 2та Осиё чемпионати бўлиб ўтади.