«Ливерпул»нинг собиқ ҳимоячиси Фабио Аурелио FourFourTwo нашрига берган интервьюсида Англиядаги фаолиятини эслади, шунингдек, Белламининг жазаваси ва Рафа Бенитес билан ишлаган даври ҳақида гапириб берди.
- 2000 йилги Олимпиадада Бразилия терма жамоасида Роналдиньо билан бирга ўйнагансиз. У ҳақда нима дея оласиз?
- Бу ғайриоддий нарса эди - у тўп билан хоҳлаганини қила оларди. Мен уникидек соф истеъдодни кўрмаганман. Бразилия терма жамоасида Роналдиньо билан бирга ўйнаган даврим шунчаки ажо-йиб эди. Афсуски, якунда олтин медалларни қўлга киритган Камерунга ютқазиб қўйгандик. Таркибимиз жуда кучли бўлган ва биз яхшироқ ҳаракат қилишимиз лозим эди.
- 2000 йилда «Валенсия»га ўтиб, у ерда 6 йил фаолият юритдингиз. Рафаэль Бенитес ниманинг ҳисобига бунчалик муваффақият қозонди?
- Мен Рафадан олдин боргандим. Ўшанда Эктор Купер ҳамон мураббий эди ва биз Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишга яқин келгандик - 2001 йилги финалда «Бава-рия»га фақатгина пенальтилар сериясида ютқазгандик. Кейин «Тенерифе»даги ишини аъло даражада бажарган Рафани таклиф қилишди. У бир неча сабабларга кўра «Валенсия» учун мукаммал номзод эди. Бенитес ўта ақлли мутахассис, одамлар билан тўғри муносабатда бўлди. Таркибимизда суперюлдуз йўқ эди, лекин Рафага содиқ уюшқоқ коллектив шаклланганди. Биринчи мавсумда 31 йил кутилган Ла Лига ғолиблигини тантана қилдик. Икки мавсумдан сўнг яна чемпионлик ва УЕФА кубогини қўлга киритдик. Хуллас, «Валенсия»даги фаолиятим ҳақида ажойиб хотиралар қолган.
- 2000/2001 йилги мавсум ЕЧЛ ярим финалида «Лидс» устидан қозонилган ғалабани эслайсизми?
- Албатта. Иккинчи ўйин менинг ЕЧЛдаги дебютим бўлди! Ёш эдим ва ярим финалда дебют қилиш осон эмасди. Жуда хавотирланганман, шунинг баробарида яхши таассурот қолдириш кераклигини ҳам тушуниб турардим. Бу клуб учун муҳим ўйин бўлди, ўз навбатида, менда асосий ўйинчига айлана олишимни исботлаш учун ҳам яхшигина имконият туғилганди. Хайриятки, биз ўз уйимизда ажойиб ўйин ўтказдик ва 3:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритдик. Бу мен учун мукаммал дебют бўлди.
- 2006 йилда «Ливерпул»га қандай ўтиб қолгансиз? Бенитес ёнига қайтганингиздан хурсанд бўлгандирсиз?
- Еттинчи осмонда эдим. У кетганидан кейин «Валенсия»да яна уч йил қолдим, шунинг учун Рафа менга қўнғироқ қилганида, бундан ажаблангандим. Премьер-лига тобора катталашиб борарди, мен эса Англияда ўйнашни орзу қилардим, чунки у ернинг маданиятига қойил қолгандим. Бу унутилмас тажриба бўлди.
- Стивен Жеррард билан ўйнаш сизга ёқдими?
- Фаолиятимда бирга ишлаган энг яхши футболчиларни танлашни сўрашганда, шубҳасиз, биринчи ўринда Жеррард туради. Нафақат майдондаги иқтидори, балки инсон сифатида ҳам. У ҳар доим «Ливерпул»да ҳамма учун ўрнак бўлган. Етакчилик унга ўз-ўзидан келади, чунки у намуна кўрсатади. Стиви каби иқтидорли ва муҳим ўйинчининг энг яхши мутахассис бўлиш учун ҳар куни астойдил ҳаракат қилаётганини кўриб туриб, бу йигитни қандай қилиб ҳурмат қилмаслик мумкин? У афсонавий ва айни пайтда жуда камтар инсон. Мен Жеррарднинг футболчилик фазилатларига мухлислик қилардим. Унинг даражаси юқори, ҳамма ибрат олса арзигулик шахс.
- «Ливерпуль» сафидаги илк учрашувларингизнинг бирида «Эвертон»га 0:3 ҳисобида ютқазгансизлар. Ўшанда ҳиссиётлар қандай бўлганди?
- Қўрқинчли. Мерсисайд дербиси иккала жамоа учун ҳам, шаҳарнинг ўзи учун ҳам ўта муҳим саналади. Рақобат жуда кучли ва «Эвертон»га 0:3 ҳисобида ютқазиш ёқимли бўлиши мумкин эмас - бу туйғуни тасвирлаш қийин. Биз фаворит бўлишимиз керак эди, лекин ўша куни яхши ўйнай олмадик. Кийиниш хонамиздаги умидсиз чеҳраларни кечагидек яхши эслайман.
- Питер Крауч нафақага чиққанидан кейин ҳам Британия футболида катта шахс бўлиб қолмоқда. У қандай футболчи эди?
- Питер кулгили йигит. Вақти-вақти билан унинг подкаст-ларини тинглаб тураман, мунтазам амалга оширадиган робот рақслари ҳар доим юзимда табассум уйғотарди. Мен буни миллион марта кўрганман ва ҳали ҳам катта одамнинг шундай рақсга тушишини кулгили деб биламан. Крауч жуда самимий инсон, қолаверса, у энг яхши ҳужумчи ҳам эди. Унинг жамоадоши бўлиш ажойиб бўлган.
- Крейг Беллами эса ўзининг жаҳлдорлиги билан танилганди. У шунчалик хавфлимиди?
- Алгарвида Беллами ва Риисе ҳақида бир ҳикоя мавжуд. Аниқ сабабларини айтмайман, лекин бу тоза жиннилик эди. Беллами ақлдан озди ва Риисенинг хонасига бориб, уни гольф таёқчаси билан урди! «Барселона»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйинидан олдин барчамиз Португалияда дам олаётган эдик, кейин меҳмонхонамизга полиция келиб қолди. Рафа ўзида эмасди, лекин хайриятки, ҳаммаси ижобий интиҳо топди. Биз «Барселона» билан ўйнадик ва Крейг гол урди. Қизиғи шундаки, Риисе голни яратишда иштирок этган. Крейг ўзини хаёлий гольф дастасини чайқаб нишонлади - мухлислар бироз хижолат бўлишди, лекин ўйинчилар ундай эмас. Бу кулгили эди.
- 2008/2009 йилги мавсумда чемпионликни қўлга киритишингиз керак эдими?
- Ўйлайманки, якунда яна иккита ўйин бўлганида, ғалаба қозонардик. Мавсум давомида етарлича барқарорликка эришолмадик - қайсидир нуқтада Рафанинг иши ҳатто босим остида қолди. Бурилиш нуқтаси бир ҳафта ўтиб, «Олд Траффорд»да «Манчестер Юнайтед»ни 4:1 ҳисобида мағлуб этганимизда, кейин эса «Реал» устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганимизда юз берди. Ўша пайтдан бошлаб бизни мағлуб этиш осон эмаслигини ҳис қилгандик. Афсуски, якунда «МЮ»дан 4 очко ортда қолдик. Олдинроқ кўплаб кераксиз жойда очко йўқотганимиз ўз сўзини айтди.
- Суарес майдондан ташқарида ҳам қизиққонмиди?
- Унинг Ливерпулдаги уйи рўпарамда жойлашганди, шунинг учун биз жуда яқин муносабатда эдик. Луис майдон ташқарисида жуда хотиржам одам, лекин майдонда у бутунлай бошқача кўринади. Футболдан ташқари кўп лаҳзаларни баҳам кўрган йигит билан унинг фаолиятидаги айрим эпизодларни боғлаш жуда қийин. Майдон ташқарисида ёмон хулқ кўрсатмайдиган ширинсўз одам. Шунчаки, ҳис-туйғулари уни майдонда ўзига сингдирмоқда.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади